Миср хавфсизлик кучлари Тант шаҳридаги черковда содир этилган портлашни амалга оширишга алоқадорликда гумон қилинаётган шахсни қўлга олди. Бу ҳақда "Йоум7" порталида хабар берилган.

Мавжуд маълумотга кўра, ушбу шахс черков яқинида қўлга тушган. У полиция бошқармасига олиб кетилган ва сўроқ қилинмоқда.

Бугун, 9 апрель куни Қоҳира шимолидаги бу шаҳарда жойлашган Мар-Гиргис ибодатхонасида черков хизмати бўлиб ўтаётган вақтда худкуш террорчи ўзини портлатди. Охирги маълумотларга кўра, ҳужум қурбонлари сони 30 нафар, яна 70 киши жароҳатланган.

Портлаш ҳақидаги маълумотлар бир-биридан фарқ қилмоқда: баъзи хабарларга кўра, портлаш қибтий черкови  олдидаги майдонда содир бўлган, бошқаларига кўра эса - черков ичида.

Черков атрофидаги ҳудуд полиция томонидан ўраб олинган. Мамлакат президенти Абдул Фаттоҳ Ас-Сисий жабрланганларни қабул қилувчи ҳарбий госпиталлар очиш топшириғини берди. 

9 апрель куни мисрлик насронийлар ўз диний байрамини нишонлаш учун черковларга йиғилишади. 

2016 йилнинг декабрида муқаддас Петр черковида, Қоҳирадаги Аббосия туманидаги қибтий ибодатхона мажмуида ҳам теракт рўй берган эди. Ўшанда портлаш 26 кишини ҳаётдан олиб кетган, 50 нафарга яқини жароҳат олганди.