8 апрелда Москва ғарбида узоқ масофага қатновчи поезд шаҳар атрофида юрувчи электричкага урилди. 

Воқеа соат 22:40да Москва темир йўлининг Беларусь йўналишидаги Фили — Кунцево-2 станциялари оралиғида юз берган. Москва — Усово йўналиши бўйича кетаётган элекричка Москва — Брест поезди билан темир йўлни югуриб ўтаётган одам сабабли юз берган. Электричка машинисти одамни уриб юбормаслик учун фавқулодда тормозлашни қўллаган, бу вақтда унга поезд келиб урилган. Оқибатда элекричканинг иккита вагони ва поезд локомотивининг секцияси рельслардан чиқиб кетган.

Россия тергов қўмитаси маълумотларига кўра, авария вақтида поездда 455 йўловчи бўлган, электричкада эса фақат машинист, унинг ёрдамчиси ва икки контролёр бўлган. 

Тўқнашув сабабли 50 киши тиббий ёрдам сўраб мурожаат қилган. 16 киши шифохонага етказилган, улар орсида 2 ўсмир ҳам бор. 6 кишининг аҳволи оғир дея баҳоланган. Жароҳат олганлар рўйхати Россия фавқулодда вазиятлар вазирлиги сайтида чоп этилган. 

Тўқнашув юзасидан терговгача текширув бошланган, унинг натижаларига кўра процессуал қарор қабул қилинади.

YouTube’да тўқнашув жойидан олинган видео пайдо бўлди.

Воқеа жойида фавқулодда хизматлар ва ҳуқуқ-тартибот идоралари иш олиб бормоқда.