Европа Иттифоқи (ЕИ) раҳбарлари АҚШнинг Суриядаги авиабазага қарата берган ракета зарбаларидан кейин ўзларининг ҳеч қандай аҳамиятга эга эмасликларини тан олишлари керак эди. Еврокомиссиянинг собиқ раҳбари ва Италиянинг собиқ бош вазири Романо Проди шундай фикрда. Бу ҳақида Il Messaggero газетасида хабар берилди. 

"Европа етакчилари ўзларнинг ҳеч қандай аҳамиятга эга эмас эканликларини эътиборга олишга мажбур эдилар ва шу боис бу воқеалар нималарга олиб келиши борасида ҳатто минимал жамоавий муҳокама ҳам ўтказмай, олқишлар билангина чекланиб қолишди", - деди машҳур сиёсатчи.

Продининг фикрича, "Американинг Суриядаги аёвсиз кимёвий урушга реакцияси бутун сайёрадаги сиёсий ўйинни ўзгартириб юборди", ҳолбуки бу ҳарбий операциянинг ўзи йирик кўламга эга эмасди. Собиқ бош вазирнинг сўзларига кўра, мазкур акциянинг асосий сиёсий жиҳати Россияни огоҳлантириш бўлган. 

"Бу мутлақо очиқ-ойдин огоҳлантириш бўлди: Қўшма Штатлар Яқин Шарқдек нозик минтақада Путин эгаллашга муваффақ бўлган ролни Россияга шунчаки қолдириб қўймаслигига ишора қилди", - дея таъкидлади Европанинг етакчи сиёсий арбобларидан бири. 

Проди яна бир жиҳатга диққатни қаратди - АҚШ президенти Дональд Трамп Москвани ракета ҳужумидан огоҳлантирган, бироқ "айнан Сурия бўйича қарор қабул қилинган пайтда Флоридада меҳмон бўлиб турган Хитой раиси Си Цзиньпинга нисбатан эса бундай йўл тутмаган". Унинг фикрича, "Хитой бу афронтни анчагача эслаб қолади". 

Проди шунингдек Трамп Суриядаги ракета ҳужумидан кейин ички сиёсатда энг асосий натижага эга бўлгани -  "мағлуб бўлаётган президентдан Американинг дунёда етакчилигини тасдиқловчи бош қўмондонга айланган"ига ишора қилди.