Санкт-Петербургдаги теракт ижрочилигида гумон қилинаётган шахс Акбаржон Жалилов шу йилнинг февралида ўзи туғилиб ўсган Ўш шаҳрида бўлган. Унинг бу ташрифи ҳақида унинг укаси Аҳрор Жалилов ҳикоя қилади.

Теракт содир этилишидан бир ой олдин Акбар ўз қариндошларига шу йили она ватанига бутунлай қайтиб, уй қуришни ҳамда уйланишни режалаштиргани ҳақида гапирганди.

РБК  мухбири Ўшда 3 апрель куни содир этилган ва 13 кишининг ўлимига сабаб бўлган Санкт-Петербург теракти ижрочилигидаги асосий гумондор 22 ёшли Жалиловнинг қариндошлари билан гаплашган. Акбар Жалилов Россияда 2011 йилдан буён ишлаб келган, охирги марта шу йилнинг февралида Ўшга келган. Бу маълумот Қирғизистон ИИВ томонидан тасдиқланган.

«У бизникида 10–15 кун бўлганди. У дам олишни, кейин ишга қайтишни истаганди. У бизникида турганида деярли ҳеч қаерга чиқмади. Компьютер ўйинлари ўйнади, машинада сайр қилди», — дея эслайди унинг 17 ёшли укаси Аҳрор.

Акбарнинг оиласи Ўш шаҳридаги асосан этник ўзбеклар истиқомат қиладиган Ўн Адир туманида яшаган. Акбар Жалилов ўзи ва отаси 2009 йили қурган уйга келган. У Туран туманидаги эски уйларига бормаган ва қариндошлари билан охирги бор кўриша олмаган.

«Акбар намозхон эмасди, жума кунги намозга ҳам чиқмасди. Февралда келганида у бирон марта масжидга бормади, мен унинг ҳаётий қарашлари ўзгарганини сезмадим ҳам», — дея ишонч билан гапирган Аҳрор Жалилов. У уйда ҳеч қандай шубҳали диний адабиёт учратмаган, акасининг компьютерида ҳеч қандай шубҳали нарса сезмаган.

РБК мухбири билан суҳбатда Акбарнинг аммаси Сурайё ва Эркиной опа, шунингдек, синф раҳбари Фотима Қодиржонова унинг ҳеч қачон динга берилмагани ҳақида айтишган. Фотима Қодиржонова Акбаржонни 26-ўрта мактабда 5 синфдан 8 синфгача ўқитган. У Акбаржонни синфдаги энг одобли бола сифатида эслайди​. Акбаржон футболга, жисмоний тарбия, информатика ва рус тилига қизиққан, шеърлар ўқиган, лекин кимё ва физика фанидан иккига ўқиган. У ҳам, қариндошлар ҳам Акбаржон бомба тайёрлаши мумкинлигига ишонишмаган.

Саккизинчи синфдан кейин Акбар мактабни ташлаган ва 2011 йилда Петербургга бориб автосервисга ишга кирган, у отасига ёрдамчи бўлиб ишлаган.

2011 йилда Жалилов 16 ёшли ўғли Россия паспорти олишини таъминлаган. Отанинг ўзи Қирғизистонга қайтган, ўғил эса Россияда қолган ва Қирғизистон фуқаролигини олмаган. У ота-онаси билан телефон орқали гаплашиб турган.

Россияга кетганидан кейин Акбар ҳар йили таътил олиб, ватанига келишга одатланган. Аммо у 2015 ва 2016 йилларда келмаган.

«Мен ундан февралда келганида бу ҳақида сўрадим. Акбар Россия армиясида хизмат қилгани ҳақида айтди», дейди Аҳрор Жалилов.

Аммо қариндошларда марҳумнинг армияда бўлганини исботловчи суратлар йўқ.

Уканинг сўзларига кўра, Акбар шу йили Россиядан бутунлай қайтиб, Ўшда уй қурмоқчи ва уйланмоқчи эди.

Акбаржон ўзи Қирғизистонга қайтмоқчилигини айтиш билан бирга, укасига 18 ёшга тўлгандан кейин Петербургга бориш ва суши-барда ишлаб яхшигина маош олишни таклиф этган. Уканинг эслашича, Акбаржон Жалилов ҳар ойда Ўшга 10–15 минг рубль жўнатган. У ишхонасида лавозими кўтарилгач 15–20 минг рублдан юбора бошлаганди.