Ҳарбий техникани жамлаш билан шуғулланувчи британиялик Ник Мид сотиб олган Т-54 совет танкининг ёқилғи бакидан 5 та олтин қуйма топиб олди. Бу ҳақда Sun нашри хабар бермоқда

Мид ушбу танкни eBay’да 30 минг фунт стерлингга (37 минг долларга) сотиб олган. Олтиннинг умумий оғирлиги 25 кг ни, нархи эса 2 млн фунт стерлингни (2,5 млн доллар) ташкил қилган.  

Эркак танкларни йиғиш билан шуғулланади. У олтинларни танкни реставрация қилаётганда топиб олган. У сотиб олган танк 1990-1991 йилларда Форс кўрфазидаги урушда иштирок этган Ироқ қуролли кучларига тегишли бўлган. Танк халқаро коалиция қўшинлари томонидан қўлга киритилгач, Буюк Британияга етказилган.   

Миднинг фикрича, олтинларни танкка Кувайт омборларини тунаган ироқлик ҳарбийлар яширган бўлиши мумкин. Коллекциячи топилма ҳақида полицияга хабар берган. Олтинлар эркакдан тилхат остида олинган. 

Инглиз олтинлар унда қолмаганидан хафа эмас, чунки унга ажойиб танк қолди. Ҳозирда унинг коллекциясида 150 та ҳарбий техника бор. Ник ўз фермасида барча истовчилар учун маълум ҳақ эвазига ҳарбий машиналарида юришга рухсат беради.