Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги “Адолат” СДП фракцияси аъзолари Жамшид Пирматов ва Абдуғани Умировларнинг Қамаши тумани аҳолиси билан ўтказган очиқ мулоқотлари ғоятда самарали бўлди, деб хабар бермоқда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси матбуот хизмати.

Гулшан маҳалла фуқаролар йиғинига қарашли Хўжа қишлоғи аҳолиси билан юзма-юз мулоқотда ҳам фуқаролардан тушган 20 дан ортиқ саволларга депутатларимиз тегишлича тушунтириш бердилар. Хонадонларда бўлиб ўтган учрашувларда эса баъзида нохуш ҳолатга ҳам дуч келинди. 

—1-гуруҳ ногирониман, — деди Шерзод Дўстмуродов. — Охирги икки йил давомида уйимга саломатлик посбонлари “Аҳволинг қандай” деб қадам ранжида қилишгани йўқ. Тиббий хизматга муҳтож бўлсамда, аммо менга тиббий хизмат кўрсатиш уёқда турсин, ҳатто ҳолимдан хабар ҳам олишмади.

Шу куни “Адолат” СДП фракцияси аъзолари бу муаммони туман ҳокими билан биргаликда жойида ўрганиб чиқиб, ҳал этишди. Соғлиқни сақлаш мутасаддиларига бундай ҳолатлар қайта такрорланмаслиги юзасидан тегишли кўрсатмалар берилди. 

Мулоқот давомида депутатлар саъи-ҳаракати билан 16-мактабгача таълим муассасасини таъмирлаш учун туман молия бўлими томонидан 30 миллион сўм маблағ ажратилиши режага киритилди. Шунингдек, 44-мактаб ўқитувчилари ва ота-оналарнинг шикоятлари асосида таълим маскани депутатларимиз томонидан ўрганилганда, ҳақиқатдан ҳам бинонинг томидан чакки ўтаётгани аниқланди. Ушбу масалага тегишли ташкилотлар мутасаддилари жалб қилиниб, таъмирлаш учун 60 миллион сўм маблағ туман молия бўлими томонидан ажратилиши таъминланадиган бўлди. Шу ерда илм масканида таълим–тарбия олаётган ўқувчиларнинг ота-оналаридан тушган яна бир талаб депутатларимиз иштирокида ўз ечимини топди. Узоқ масофадан қатнаб ўқийдиган ўқувчилар учун транспорт қатнови йўлга қўйиладиган бўлди. 15-мактабдаги ишламасдан турган трансформатор муаммоси ҳам ҳал этилди.