Фарғона вилояти ҳокимлигининг кичик мажлислар залида халқ депутатлари вилоят Кенгашининг йигирма учинчи сессияси бўлиб ўтди. Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси матбуот хизмати хабар берди.

Президентнинг жорий йил 29 мартдаги “Ўзбекистон Республикасида бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари фаолиятини ташкил этишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори замонавий соғлиқни сақлаш тизимини яратиш ва ана шу йўналишдаги вазифаларни янги босқичга олиб чиқди.

Қарорга асосан вилоятда қишлоқ врачлик пунктлари сонини 283 тадан 150 тагача қисқартириш ва 88 та қишлоқ врачлик пунктлари негизида кундузги стационари мавжуд бўлган қишлоқ оилавий поликлиникаларини, қисқартирилаётган қишлоқ врачлик пунктлари негизида янги 37 та нимстанцияларни ташкил этиш ва уларда тез тиббий ёрдам тармоғини янада кенгайтириш, икки сменали иш тартибини жорий этиш бўйича тегишли чора-тадбирлар белгилаб олинди. 

Шунингдек, қисқартирилиши кўзда тутилаётган қишлоқ врачлик пунктларида фаолият олиб бораётган 369 нафар кичик тиббий ходимлар, 262 нафар менежерлар ҳамда 333 нафар қоровулларни иш билан таъминлаш мақсадида вилоят меҳнат бош бошқармасига маълумот берилди. Қишлоқ врачлик пунктларини ёш ва салоҳиятли мутахассислар билан таъминлаш мақсадида ихтисослашган олий ўқув юртлари битирувчилари билан уч томонлама шартномалар имзоланди.

Ўтган уч ойлик давр ичида вилоят  миқёсида хонадонларнинг тиббий-ижтимоий ҳолати ўрганилди. Вилоят ихтисослашган марказларининг  мутахассислари томонидан Фарғона ва Қувасой шаҳри, Ёзёвон, Тошлоқ, Бешариқ, Қува, Қўштепа, Олтиариқ, Риштон, Бағдод, Учкўприк  туманларида 4934 нафар аҳоли тиббий кўрикдан ўтказилди. 

Янги ташкилланаётган 88 та поликлиникада тез тиббий ёрдам хизматининг туну кун фаолиятини йўлга қўйиш, 37 та янги тез тиббий ёрдам шохобчасини ташкил этиш, уларга 48 та “Дамас” автомашинасини харид қилиш бўйича вилоят молия бошқармаси ва Соғлиқни сақлаш вазирлигига таклиф киритилган эди. Вазирлик  томонидан ажратилган 9 дона “Дамас” махсус автомашинаси март ойи якунида вилоят “Шифо тез ёрдам” автокорхонасига келтирилди. Туманларда ушбу бригадалар учун штат бирликлари ажратилиши юзасидан дахлдор ташкилотларга таклифлар  берилди. 

Сессияда аҳолини сифатли, арзон дори-дармон ва тиббиёт воситалари билан таъминлаш, дорихоналарда дори воситалари ва тиббиёт буюмларининг чегараланган нархларда сотилишини қатъий назоратга олиш борасидаги чора-тадбирлар кутилган ижобий натижаларни бермаётгани, бунда депутатларнинг масъулияти ва жавобгарлиги етишмаётганига танқидий баҳо берилди.