Хитойнинг йирик JD.com интернет савдо майдони Сичуань вилоятида дронлар учун портлар барпо этишни бошламоқчи. Shanghai Daily нашрининг компания матбуот хизматига асосланган ҳолда ёзишича, юк ташуувчи дронлар учун жами 150та аэропорт қуриш режалаштирилган. Бу юкларни етказишда янада самаралироқ фаолият кўрсатиш имконини беради. 

JD.com президенти Ричард Люнинг ишонч билдиришича, учувчисиз парвоз қилувчи қурилмалардан фойдаланиш маҳсулотни харидорга етказиб бериш билан боғлиқ харажатларни 70 фоизга қисқартириш имконини беради. Вилоятнинг узоқ туманларида истиқомат қилувчи харидорлар ўз буюртмаларини 24 соатдан камроқ вақт мобайнида олишлари мумкин бўлади. Ҳозирда, тезкор хизмат кўрсатиш имконини берувчи инфратузилмалар мавжуд эмаслиги бу борада қийинчиликларни вужудга келтирмоқда. 

Яқин орада компания ўзининг унча катта бўлмаган дронлари воситасида маҳсулотларни етказиб беришни бошлайди. Ҳозирча, улар 50 кггача юкларни таший олади. Кейинчалик, JD.com 500 кггача юкларни элта оладиган йирик дронларни ишлаб чиқаришни йўлга қўймоқчи. 

Албатта, компания лойиҳаси транспорт департаментида тасдиқдан ўтиши керак, бироқ ғоя мижозлар ва кўплаб ташкилотнинг қўллаб-қувватлашишига эришган.