Ироқда диктатор Саддам Ҳусайнни илиқ хотиралар билан ёдга олишмоқда

Жаҳон 10 Апрель 2017 37368

2003 йил 10 апрель куни Ироқ пойтахти Бағдод шаҳри аҳолиси янги даврда уйғонди, дейиш мумкин. Бир кун аввал, аёвсиз жанглардан толиққан америкалик аскарлар шаҳарни назоратига олишган эди. Маҳаллий аҳоли шаҳар бўйлаб Саддам Ҳусайнга ўрнатилган ҳайкалларни вайрон қилар, унинг суратлари таҳқирланар эди. Саддам “подшоҳ” бўлган давлат икки ҳафтада қулаб, яқингина диктаторга содиқлик бўйича қасамёд қилганлар биринчилардан бўлиб ҳайкалларни бузувчилар бўлди. 

«Тўғрисини айтганда, Саддам даврида ҳозиргидан яхшироқ бўлган эди, — деб ёзади Financial Times мухбири ўтган йили Бағдод кўчаларидан бирида қулоғига чалинган суҳбатдан парча келтирар экан. — Ҳозир нима бўляпти? Бизда иқтисодий инқироз, ИШИД ҳамда порахўр раҳбарлар сон мингта».

Ҳусайн даврини соғинганлар кўп

Айтиш жоизки, бугунги кунда Ҳусайн даврини қўмсайдиган ироқликлар кўпчиликни ташкил этади. Атиги 14 йил муқаддам унинг кетишини орзу қилганлар Саддам ҳукумат тепасида қолганида мамлакат фуқаролик уруши деган балони четлаб ўтишини айтишади. Саддам Ҳусайн оддий ироқликлар орасида тартибсизликларга чек қўя оладиган қаттиққўллик тимсоли бўлиб бормоқда. Бунинг эса ўзига хос сабаблари бор. Саддам Ҳусайн ёвузлик учун ёвузлик содир этувчи деб таништирилганлар хилидан фарқ қилар эди. 

Ҳаёти ва сиёсатдаги илк қадамлари 

Саддам Ҳусайн Абдулмажид ал-Тикритий 1937 йилда чўпон оиласида дунёга келган, аммо Англия-Ироқ уруши қатнашчиси бўлган амакиси қўлида вояга етган. Айнан у Саддамнинг табиати шаклланишида асосий ўрин тутган ҳамда ёш Саддамга яқинлари ва қариндошлари билан мустаҳкам алоқада бўлиш фойдасини сингдирган. У умрбўйи ўз яқинларига таянди, суянди. 

Аммо, таъкидлаш жоизки, Саддамни ҳокимият тепасига яқинлари эмас, партия олиб келди. Ёш Ҳусайн ўша вақтларда машҳур бўлган «Баас» — Араб ижтимоий уйғониш партиясига аъзо бўлди. Саддам ҳарбий иқтидори ва шахсий жасурлиги сабаб тезда юқорилади. 

Ҳусайн Ироқда вице-президент

Ироқ президенти Абдулкарим Қосимга нисбатан уюштирилган, аммо муваффақиятсизликка учраган суиқасд уни таниқли шахсга айлантирди. Шундан сўнг, Сурияга қочган Саддам 4 йил ўтгач, Қосим тузуми қулагач, ватанига қайтди ва сиёсат оқимига қўшилди. Унинг ёрқин маърузаси «Баас» партияси етакчиси Мишель Афлак эътиборини қозонди. Мишелнинг қўллаб-қувватлаши Саддамни партиянинг хавфсизлик хизмати раҳбарига айлантирди. Бундан ташқари, Саддамнинг ўзига хос совуққонлиги ва жасурлиги, сиёсатчи сифатидаги иқтидори партиядаги обрўсини оширди. 1968 йилдаги навбатдаги давлат тўнтаришидан сўнг, ҳукуматни қўлга олган партия аъзоси бўлган Саддам мамлакатдаги иккинчи муҳим шахс, вице-президент лавозимини эгаллади. 

Келгуси бир неча йиллар мобайнда Саддам этник, ижтимоий ва диний кўринишларига кўра парчаланган Ироқни бирлаштира олган сиёсатчи сифатида донг таратди. Бунда у рағбатлантириш ва жазолаш қоидасини ўз ўрнида қўллай билди. 

Исёнларни шафқатсиз бостириш ва ЮНЕСКО

Нефтнинг 1973 йилдаги энергетика инқирозидан сўнг қимматлашгани, нефть саноатини маҳаллийлаштирган Ироққа пул оқимини кучайтирди. Бунинг оқибатида партия ҳукумати бепул тиббий хизмат ва таълимни жорий қилди, фермерлар зиёнини қоплади, армияни кучайтирди ва ўз тарафига оғдирди. Мамлакат бўйлаб йўллар барпо этилди, электр токлари ўтказилди, саноат ва иқтисодиёт катта суръатларда ўсди. Ироқ барча жабҳада етакчига айлана борди. Фуқаролар турмуш даражаси шунчалик юқорига чиқдики, 1982 йилда Саддамга ЮНЕСКОнинг махсус мукофоти топширилди.

Шу билан бирга, Саддамнинг қаттиққўллигидан норози бўлганлар қамалиши ёки осиб ўлдирилиши мумкин эди. Умуман, унинг бошқаруви даврида ички террордан камида 250 минг киши ўлгани тахмин қилинади. 

Яккаҳоким Саддам Ҳусайн 

Аста-секинлик билан ҳокимиятни ўз қўлида бирлаштирган Саддам 1970 йиллар ўрталаридан амалда мамлакатни бошқариб келди. 1979 йилда Сурия билан бирлашишни истаган президент Ал Бакрани қонсиз ағдариши ҳам фикримиз исботи бўла олади. Давлат тўнтаришидан сўнг, ўзига қарши бўлган юзлаб партиядошларини ўлдиришга буйруқ берди.

Саддам, дастлабки вақтларда ташқи сиёсатда ҳам барчасини тўғри бажаришга интилди. У Эрон билан келишиб, курд миллий-озодлик ҳаракатини бостиришга эришди. Айрим зиддиятли ҳудудлардан воз кечиш, оятуллоҳ Хомейни ва тарафдорларини мамлакатдан чиқариб юбориш эвазига Теҳрон курд исёнчиларини қўллаб-қувватламади. Ҳусайн билан собиқ советлар мамлакати ҳам Вашингтон ҳам бирдек яхши муносабатлар ўрнатишга уринди. Бундан ташқари, унинг ҳадя улашишни хуш кўриши кўплаб мамлакатлар билан ҳамкорлик қилишига ёрдам берди. 

Ироқ-Эрон уруши: мағлубиятга тенг битим

Қайд этиш керак, 1979 йил қўшни Эронда ҳокимиятни оятуллоҳ Хомейни тарафдорлари эгаллаганидан сўнг, инқилобнинг Ироққа ҳам кўчишидан хавфсираган Саддам Теҳрон билан дипломатик муносабатларни узди ҳамда фурсатдан фойдаланиб, Хузистонга бостириб кирди ва уни Ироқнинг ажралмас қисми деб эълон қилди.

Ҳусайн оятуллоҳ ҳукумати тезда қулайди, деб ўйлаб хато қилган эди. Бироқ Саддамни Форс кўрфазининг араб мамлакатлари қўллаб-қувватлади. Улар ҳам Эрон Ислом инқилобининг тарқалишидан хавотирланишди. Совет иттифоқи Бағдодни қўллаб-қувватламади, аксинча қурол-аслаҳаларни икки томонга ҳам сотди. 

1984 йилда АҚШ Ироққа ёрдам бера бошлади. Вашингтон Эрон ғалабаси минтақа барқарорлигига раҳна солади, деган хулосага келган эди. Президент Рейган Ироқ билан савдо чекловларини бекор қилди. Пентагон ироқликларга сунъий йўлдош суратларини тақдим этган бўлса, ГФР ва АҚШ фирмалари кимёвий қурол ишлаб чиқариш технологияларини етказиб берди. Оммавий қирғин қуролига эга бўлиб олган Саддам эронликлар ва исён кўтарган курдларни қирғин-барот қилди. 

Ироқ қўпорувчиликни қўллаб-қувватлайдиган давлатлар рўйхатидан чиқарилди. Кейинчалик, бу ҳолатни АҚШнинг ўша вақтдаги мудофаа вазири ёрдамчиси Ноэл Кох Ҳусайннинг Эронни мағлуб этишини жуда ҳам хоҳлаганликлари билан изоҳлади. 

Аммо, ироқликлар ғалаба қозона олмади. Эрон иқтисодиёти уруш туфайли парокандаликка юз тутмади. 1988 йилда имзоланган шартномага мувофиқ, Ироқ урушдан чиқди. Лекин, деярли мағлуб бўлган эди. юз минглаб ўлдирилган ҳарбийлар, фронт яқинидаги нефтга бой туманларнинг вайрон бўлган инфратузилмалари, улкан қарздорлик. Мамлакатни тиклаш учун катта миқдорда маблағ зарур эди. 

Бўғзигача қарздор Ироқ навбатдаги уруш сабабчиси

Ҳусайн бундай маблағни миттигина қўшни мамлакатдан топа олди. Қувайт амирлиги ўтган йиллар мобайнида Бағдодни 30 млрд долларга қарздор қилиб қўйганди. Бироқ, Саддам қарзлардан воз кечишни илтимос қилганида, қувайтликлар ҳам бўш келмади. Бундан ташқари, улар неть нархини ошириш мақсадида қора олтин қазиб олиш ҳажмини қисқартиришга ҳам рози бўлишмади. Шундан сўнг, Бағдод Қувайт Ироқнинг бахтли тасодиф туфайли нефтга бой бўлган ва ажралиб қолган вилояти, деган хулосага келишди. Шундан экан, уни ватанига қайтариш лозим. 1990 йил 2 августда Саддам қандайдир инқилобчиларни қўллаб-қувватлаш баҳонасида Қувайтга бостириб кирди. 4 август куни «озод Қувайтнинг муваққат ҳукумати шакллантирилди». 4 кундан кейин эса, Қувайтнинг Ироққа қўшилгани эълон қилинди. 

Саддам бу ҳаракатини АҚШ қўллаб-қувватлайди, деган хом хаёлга борган эди. Саудия Арабистони Қувайт тарафини олган бир вазиятда америкаликлар Бағдод сиёсатини ёқлаши даргумон эди. Ўша вақтдаги иккинчи буюк давлат СССР ҳам Қувайт билан яхши муносабатларда бўлгани сабабли Ироққа қарши чиқди. Шу сабабли, Варшава шартномаси мамлакатлари тарихда илк маротаба НАТО кучлари билан биргаликда агрессор мамлакатга қарши курашга отланди. 

Саддамнинг араб дунёси фикрини ўзгартиришга қаратилган қатор уринишлари самара бермади. Ироқ армияси яшин тезлигида тор-мор этилди, мамлакат кимёвий ва биологик қирғин қуролларидан айрилди. Шунга қарамай, Ҳусайн ҳокимият тепасида қолди.

Саддам бу урушдан сўнг, мағлубият аламини исён кўтарган курдлар ва шиалардан олди. Саддам, шунингдек, кўрфаздаги урушда ўзини ғолиб деб эълон қилди, чунки у деярлибутун дунё ёпирилиб келганига қарамай, ҳокимиятни сақлаб қолган эди. Айни шу нарса, уни доҳийликка кўтарди. Саддам суратлари ва ҳайкалари мамлакатни тўлдирди, шифохоналар, мактаблар ва университетлар унинг номи билан аталди. Унинг ваколатларини кенгайтиришга доир иккита референдумда юксак натижалар қайд этилди. Аммо, мамлакат иқтисодиётига ҳавас қилиб бўлмас эди. Санкциялар туфайли одамлар оч қолар, осмондан вақти-вақти билан америкаликлар бомба ёғдириб туришарди. Вашингтоннинг бош мақсади Саддамни ўз халқи ағдаришига шароит яратишдан иборат эди. 

Саддам Ҳусайн ночор аҳволда топилди

Ҳаммаси 2003 йилда поёнига етди. Аввалроқ, 2002 йилда АҚШ президенти Жорж Буш кичик Ироқни «ёвузлик манбалари»га киритди. У Бағдодни оммавий қирғин қуроллари ишлаб чиқиш ҳамда террорчилар билан алоқада айблади. 2003 йил мартида Россия президенти Владимир Путин топшириғи билан Евгений Примаков Бағдодга келди ва ўз хоҳиши билан истеъфога чиқишни тавсия қилди. Саддам бу таклифи рад этди ва қайсарлигида давом этди. 3 кундан сўнг, америкаликлар уйдирмалар ва БМТ ХК рухсатисиз Ироққа бостириб кирди. Бир неча ҳафтадан сўнг, тузум қулади. Саддам Ҳусайн даврига чек қўйилди. Ироқ армияси пароканда бўлиб кетди. 

Саддам Ҳусайннинг ўзи 2003 йил декабрь ойида она шаҳри Тикрит яқинида топилди ва 2006 йил 30 декабрда, гарчи у бир неча маротаба отишларини талаб қилган бўлса-да, осиб ўлдирилди. Саддам саройи талон-тарож бўлди. 

 

Кун янгиликлари
Банкдаги конвертация машмашаси: «Рўйхатда йўқлар»га хизмат йўқми?
16:50 / 22.08.2017 44416 Ўзбекистон
Ёдгор Саъдиев мудраган ижод аҳли, тирикчиликка айланган ижод, ёш актрисалар ва тўйлар ҳақида 
10:33 / 22.08.2017 61774 Маданият
Фарғона вилояти ҳокими Сўх тумани, уй-жой муаммоси, табиий газ ва аҳолининг бошқа муаммолари ҳақида (видео)
20:30 / 21.08.2017 34141 Жамият
Artel Technical School «Келажак мактаби» ўқув нархларини пасайтирмоқда!
20:02 / 21.08.2017 19312 Жамият
Халқ таълими вазири билан очиқ суҳбат: янги вазирлик, 10-синф, пахта терими, коррупция ва йиғди-йиғдилар
23:29 / 20.08.2017 73809 Жамият
Ногиронлик ва мазлумлик исканжасида: бир аёл яхшилар саховатидан умидвор 
15:55 / 18.08.2017 59898 Жамият
Навоий вилоятида қўшмачи эркак қўлга олинди
16:45 1135 Жамият
Маъмурий ислоҳотлар Концепцияси лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилди
«Made in Uzbekistan» бренди Тожикистон бозоридан Хитой маҳсулотларини сиқиб чиқармоқда
Араб коалицияси Ямандаги меҳмонхонага авиазарба берди
16:35 737 Жаҳон
Кўпроқ янгиликлар