Стокҳолм теракти иши бўйича қўлга олинган уч нафар шахс сўроқдан сўнг қўйиб юборилди. Бу ҳақда SVT телеканали хабар тарқатди.

Ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораси вакиллари якшанба куни ташкил этилган матбуот анжуманида Швеция пойтахтида содир этилган теракт иши бўйича беш киши қўлга олинганини хабар берганди. Прокуратура улардан икки нафарини тергов изоляторида қолдирган, улардан бири – жиноятни содир этишда гумонланаётган 39 ёшли Ўзбекистон фуқароси Раҳмат Оқиловдир. Ҳар икки гумондорга ҳимоячилар тақдим этилган.

Айни дамда юк машинасининг одамлар устига ҳайдалиши оқибатида жароҳатланган тўққиз киши касалхонада қолмоқда. Улардан икки нафарининг аҳволи ўта оғир экани айтилмоқда.

Полиция эса Стокҳолмнинг Соллентун туманида тинтувлар ўтказилганини хабар берди. Expressen газетаси маълумоти кўра, гап терактнинг эҳтимолий ижрочиси билан алоқадор бўлган, санация соҳасида ишловчи компания ҳақида бормоқда. Воқеа жойига полициянинг 15 та машинаси йўл олган.

"Биз бу масалада ишлашда давом этмоқдамиз", - дея таъкидлаб ўтган Стокҳолм полиция вакили Карина Скагерлинд.

7 апрель куни Spendrups компаниясига тегишли бўлган ўғирлаб кетилган юк машинаси Стокҳолм марказидаги Дроттнинггатан кўчасида одамлар устига ҳайдалди. Ушбу ҳодиса оқибатида 4 киши ҳалок бўлди ва 15 киши жароҳат олди.