Япониянинг Америкадаги шўъба корхонаси Westinghouse Electric касодга учрагач, қайта тузиш ишларини олиб бораётган Toshiba корпорацияси телевизорлар ишлаб чиқарувчи бўлимини сотишга қарор қилди. Бу ҳақда Kyodo агентлиги хабар қилмоқда.

Хабарларга кўра, бу масала келаси йил март ойи охиригача ҳал этилади. Дастлабки ҳисоб-китобларда қайд этилишича, битим қиймати бир нча юз миллион долларни ташкил этади. Эҳтимолий харидорлар орасида Хитойнинг бир неча компанияси, Туркиянинг маиший техникалар ишлаб чиқарувчиси Vestel компанияси ҳам бор. Туркия фирмаси Европа бозори учун аввал ҳам Toshiba телевизорларини йиғиш билан шуғулланган. 

Toshiba 1960 йилда Японияда биринчи бўлиб рангли телевизорни ишлаб чиққан эди. Бироқ, ҳозирда, бу бўлим корпорацияга фақат зарар келтирмоқда. Зара миқдори 10 млрд иен (90 млн доллардан ортиқ) экани айтилмоқда. 2016 йил апрелидан сентябригача бўлган муддат мобайнида телевизорлар савдосидан кўрилган даромад 2015 йил кўрсаткичига нисбатан 42 фоизга пасайган ва 27,9 млрд иен (252,6 млн доллар)ни ташкил этган.

29 март куни Westinghouse Electric Нью-Йорк судига ўзининг касодга учраганлиги ҳақидаги ҳужжатларни тақдим этди. Бу жараён АҚШнинг банкротлик тўғрисидаги кодекси 11 бобига мувофиқ олиб борилади. Шу билан амалдаги лойиҳаларга жиддий талофатлар етказмасдан қайта ташкил этиш мумкин бўлади.