Санкт-Петербург теракти ижрочилигида гумон қилинган Акбаржон Жалилов 2016 йилнинг декабрида Туркиядан депортация қилинганди. Бу ҳақда Туркиядаги Yeni Akit нашри хабар тарқатди.

Журналистлар у 1 йилдан ортиқ вақт давомида Туркияда ноқонуний тарзда яшаганини айтишган.

Жалиловнинг депортацияси 2016 йил декабрида тасдиқланган, у Туркияга 2015 йилнинг ноябрида келгани ва бу ерда 13 ой давомида қолгани аниқланган.

«2016 йилнинг декабрида у мамлакатни Анталия орқали тарк этишга уринган. Шу вақтда қўлга тушганида у мамлакатда муддатидан ортиқ вақт бўлиб тургани маълум бўлган. Унга ёки катта миқдордаги жаримани тўлашни ёки депортация қилиниб, яқин 5 йил ичида мамлакатга қайтиб келмаслик шартига рози бўлишни таклиф этишган. Жалилов иккинчи вариантни танлаган. У Россияга Туркиядаги консулхона орқали қайтиб кетган», — дейилган РБК хабарида.

4 апрель куни Россия Тергов қўмитаси 22 ёшли Акбаржон Жалиловни Санкт-Петербург теракти ижрочиси сифатида маълум қилди.

Петербург метрополитенидаги портлаш 3 апрель куни содир бўлган ва 14 киши ҳалок бўлиб, 51 киши жароҳатланганди.