БМТ инспекторлари Сурияда 2013 йилдан буён 26 кимёвий ҳужумни қайд этишган. "Буларнинг 20 таси учун Башар Асад режими жавобгар. Қолган ҳужумлар ташкилотчилари эса аниқланмаган". Суриядаги воқеаларни ўрганиш бўйича Халқаро мустақил комиссия баёнотига асосланган "Анадолу" агентлиги шу ҳақида хабар берди. 

БМТнинг Женевадаги идораси баёнотида Сурияда кимёвий қуролни қўллаш орқали амалга оширилган ҳужумлар рўйхати чоп этилди. 

Манбага кўра, 2013 (5 марта), 2014 (8), 2016 (11) ва 2017 (2) йилларда тақиқланган қурол қўлланган ҳужумлар қайд этилган. 

БМТда таъкидланишича, кимёвий ҳужумлар сони бундан-да кўп бўлиши мумкин.

"Анадолу"нинг маълум қилишича, жорий йилнинг 4 апрель куни Асад режими томонидан кимёвий қуролнинг қўлланилиши натижасида Идлиб провинциясидаги Хан Шайхун шаҳарчасида 100 дан зиёд тинч аҳоли ҳалок бўлган, 500 киши жароҳат олган, буларнинг аксариятини болалар ташкил қилган.