Британиялик теннисчи Энди Маррей швейцариялик теннисчи Роджер Федерер билан ўтказган "Африка учун матч" хайрия учрашуви давомида тўпларни узатиб берувчи болага ўзаро ўрин алмашишни таклиф қилди. Маррей корт ортида боланинг ўрнини эгаллади, бола эса Маррей ўрнига кортга тушди. 

Ушбу вазият ҳисоб Федерер фойдасига 6:3, 6:6 (6:5) бўлаётганда иккинчи партиянинг  тай-брейкида юз берди. Болакай майдонга тушиб иккита тўп узатишни муваффақиятсиз амалга оширгач, ракеткани Маррейга қайтариб берди. Маррей болага яна бир бор уриниб кўришни таклиф қилди, бироқ бола унга миннатдорчилик билдириб ўз ўрнини эгаллади. Шундан кейин Маррей тай-брейкни 6:8 ҳисобида ютқазди ва шу билан бирга учрашувни ҳам бой берди. 

Учрашувдан йиғилган маблағ Рожер Федерернинг Ботсвана Малави, Намибия, Замбия Зимбабве ва ЖАР давлатлари болаларига ёрдам кўрсатувчи жамғармасига йўлланади. 

29 апрелда "Африка учун матч"нинг навбатдаги 4-доирасида Федерер билан кортга АҚШнинг собиқ биринчи теннисчиси Жон Иснер ва миллиардер Билл Гейтс тушади. Бу учрашувлар Сиэтлда бўлиб ўтади.

2015 йилда Федерернинг болгариялик Григор Димитровга қарши кўргазмали учрашувида кортга бир бола югуриб чиққан. Шунда Димитров болага ўйнаб кўриш учун ракеткасини берган. Болакай ҳам бўш келмай, Федерер билан тенгма-тенг ўйнаб, уни ажойиб тарзда доғда қолдиришга муваффақ бўлган.