Бугун турли соҳаларда мавжуд камчиликлар рўй-рост айтилиб, уларнинг амалий ечими топилаётгани, халқ билан мулоқот олиб боришда очиқлик муҳити яратилгани, фуқароларнинг мурожаатлари, таклиф ва ташаббусларини ўрганишда раҳбар ҳамда мансабдор шахсларнинг масъулияти кучайтирилаётгани айни муддао бўлмоқда.

Бу жиҳатлар Ўзбекистон Республикаси Президенти девонининг Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашни назорат қилиш ҳамда мувофиқлаштириш хизмати, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхоналари ходимлари томонидан ташкил этилаётган сайёр қабулларда ҳам ўз ифодасини топмоқда.

Чирчиқ шаҳридаги Кимёгарлар маданият саройида 10 апрель куни бўлиб ўтган навбатдаги сайёр қабулда Чирчиқ шаҳри ва Қибрай тумани аҳолиси томонидан Президентимизнинг Виртуал қабулхонаси ва Халқ қабулхоналарига йўллаган мурожаатлар уларнинг муаллифлари иштирокида атрофлича кўриб чиқилди.

Очиқ мулоқот шаклида ўтган тадбирда жисмоний ва юридик шахслардан тушаётган мурожаатларнинг барчаси давлатимиз раҳбарининг шахсан назоратида экани, бундай сайёр қабуллар фуқароларнинг давлат органларига мурожаат қилиш борасидаги ҳуқуқини таъминлаш, уларни қийнаётган муаммоларни қонун асосида самарали ҳал этишда таъсирчан воситага айланаётгани алоҳида таъкидланди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий суди, Олий хўжалик суди, Бош прокуратура, Ички ишлар, Мудофаа, Молия, Меҳнат, Адлия, Фавқулодда вазиятлар, Олий ва ўрта махсус таълим, Халқ таълими, Соғлиқни сақлаш вазирликлари, давлат қўмиталари, агентликлар, компаниялар раҳбарлари, Марказий банк, Тошкент вилояти, Чирчиқ шаҳри ва Қибрай тумани ҳокимликлари масъул ходимлари фуқаролар ва тадбиркорлар мурожаатларини тинглади ва уларни бирма-бир кўриб чиқди.

Маълумотларга кўра, жорий йилнинг 9 апрель кунига қадар Виртуал қабулхона ва Халқ қабулхоналарига Чирчиқ шаҳри аҳолисидан 8 минг 400 дан ортиқ мурожаат келиб тушган. Уларнинг қарийб 94 фоизи кўриб чиқилган, қолгани эса кўриб чиқиш жараёнида. Қибрай туманидан шу даврда 8 минг 247 та мурожаат келиб тушган бўлиб, уларнинг 7 минг 800 дан ортиғи кўриб чиқилган, 429 та мурожаат кўриб чиқилмоқда.

Таҳлиллар аҳолидан асосан уй-жой, моддий ёрдам, иш ҳақи, пенсия ва болалар нафақаси, банк-молия, ободонлаштириш ва коммунал хўжалиги, фуқаролик, паспорт ва прописка, судларда ишлар кўрилиши, меҳнат ва бандлик, суд қарорлари ижроси, суриштирув ва тергов жараёни, таълим соҳаси, иссиқлик ва электр энергияси, табий газ таъминоти, соғлиқни сақлаш, транспорт ва йўловчи ташиш хизматлари каби йўналишлар бўйича мурожаатлар келаётганини кўрсатмоқда.

Сайёр қабул жараёнида фуқаролар ва тадбиркорлар ўзларини қийнаётган муаммолар юзасидан бевосита тегишли соҳаларга масъул бўлган раҳбарларга мурожаат қилиш ва улар юзасидан жавоб олиш имконига эга бўлди.

Тадбирда турли соҳалардаги масалалар муҳокамалари учун алоҳида хоналар ажратилгани очиқ мулоқотни самарали ташкил қилиш имконини берди. Эътиборлиси, шу куни мурожаатларнинг аксарият қисми жойида ечимини топди, қўшимча ўрганиш ва вақт талаб қиладиган мурожаатлар бўйича мутасадди идора ва ташкилотлар вакилларига топшириқлар берилди.