«Барселона» ҳужумчиси Неймар мавсум ўйинларидан бири бўлган «Эль-Класико»ни ўтказиб юбориши расман маълум бўлди. У Испания чемпионатининг 31-тури доирасида «Малага»га қарши ўйиндаги ҳаракати учун 3та ўйинга дисквалификация қилинди. Бу ҳақда Примера расмий сайтида маълум қилинди.

Эндиликда ушбу бразилиялик футболчи «Реал Сосьедад» (15 апрель), «Реал» (23 апрель) ва «Осасуна»га (26 апрель) қарши учрашувларни ўтказиб юборади.

Неймар «Малага»га қарши беллашувнинг 27-дақиқасида огоҳлантирилганди (бутсасини боғлаш баҳонасида ҳакамнинг айтганини қилмагани учун), 65-дақиқада эса тўпга ета олмагач, рақибига нисбатан қўпол ўйнади. Натижада ўйин ҳаками Ҳил Мансано уни майдондан четлатди. Футболчи майдондан чиқиб кета туриб, тўртинчи ҳакамга намойишкоралик билан қарсак чалди ва унинг бу ҳаракати ҳакамни ҳақоратлаш сифатида баҳоланди.

Неймар «Малага»га қарши ўйинда ҳакамга нисбатан ҳаракати учун жазоланиши мумкин