Индонезия ҳукуматининг коррупцияга барҳам бериш бўйича комиссиясининг етакчи терговчиси Новел Басведанга икки номаълум шахс ҳужум қилди. Улар терговчининг юзига номаълум кимёвий моддани сепиб юборишган. Kyodo ахборот агентлигининг хабар қилишича, ҳодиса пойтахт Жакарта шимолида содир этилган. Терговчи шифохонага келтирилган ва интенсив терапия бўлимига ётқизилган. 

Коррупцияга қарши кескин курашувчи сифатида донг чиқарган Басведан Индонезия фуқаролари учун электрон шахсий гувоҳномаларни ишлаб чиқиш бўйича 450 млн долларлик буюртмада фирибгарликларга йўл қўйилганини текшираётган эди. Агентлик маълумотларига кўра, ушбу ишга ҳукуматнинг юқори лавозимли мулозимлари ва парламент аъзолари аралашиб қолган. 

Хусусан, электрон гувоҳномалар иши бўйича қўлга олинган тадбиркор суд мажлисида Ички ишлар вазирлиги ва Халқ маслаҳат конгресси (парламент) депутатларига пора берганлигини таъкидлаган эди.