Россия президенти Владимир Путин Сурия атрофидаги ҳозирги вазият Ироқда бошланган ҳарбий кампанияни ёдга солаётгани ҳақида баёнот берди.

Президентнинг сўзларига кўра, у бу мавзуни Италия президенти Серджо Маттарелло билан учрашувда муҳокама қилган. 

"Мен айтдимки, бу менга 2003 йил воқеаларини ёдга солмоқда. Ўшанда, Қўшма Штатларнинг БМТ Хавфсизлик кенгашидаги вакиллари, гўёки, Ироқда топилган кимёвий қуролни намойиш қилишган эди. Шундан сўнг, Ироқда ҳарбий кампания бошланди ва мамлакатнинг вайрон бўлиши, террорчилик таҳдиди ортиши ҳамда халқаро майдонда ИШИДнинг пайдо бўлиши билан якунланди. Бундан озгина бошқача эмас", — деган Путин.

Унинг фикрича, худди шу нарса яна такрорланмоқда. 

"Бу сафар ҳам ҳамкорлар ғимирлашаяпти. Мен шу ўринда ажойиб ёзувчиларимиз Ильф ва Петровни ёдга оламан. Айтишни хоҳлардимки: "Зерикарли, қизлар". Биз буларни кўрдик, кузатдик", — деб таъкидлаган Путин.

Бу сўзлар Илья Ильф ва Евгений Петровларнинг "Ўн икки стул" романидаги машҳур иборадир.