Туркия миллий мудофаа вазирлиги бугун Сурия билан чегарада бетон девор қурилиши навбатдаги босқичи якунига етганини хабар берди. Бу ҳақда маҳкама Twitter’даги ўз саҳифасида маълум қилган.

"Сурия билан чегарада 556 километрлик бетор девор қурилиши чегара хавфсизлиги тизими лойиҳаси доирасида олиб борилди ҳамда ўз якунига етди", - дея хабар берди вазирлик.

Ўтган йилнинг охирларида Туркия мудофаа вазири Фикри Ишиқ Анқара девор қурилишини 2017 йилнинг ўрталарига қадар бутунлай якунламоқчи эканини таъкидлаб ўтганди. Сурия билан чегарада ҳаммаси бўлиб 825 километр бетон тўсиқ қуриш режалаштирилган. Тўсиқ – оғирлиги 7 тонна келувчи бетон блоклардан иборат бўлиб, уларнинг эни 2 ва баландлиги 3 метрни ташкил этади ҳамда тиканли сим билан тўлдирилади.

Ҳар 300 метрда кузатув ишлари учун барча замонавий технологиялар билан жиҳозланган миноралар қурилади. Шунингдек, тахминларга кўра, минораларда автоматик пулемётлар ва қоидабузарларни овозли огоҳлантириш тизими ўрнатилади.

Девор Сурия томонидан террорчиларнинг кириб келмаслиги учун қурилган.