Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Умумий ўрта ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълимининг давлат таълим стандартларини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори чиқарилди. 

Унга кўра, умумий ўрта ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълимининг давлат таълим стандартлари 2017-2018 ўқув йилидан бошлаб босқичма-босқич амалиётга жорий этилади;

умумтаълим мактабларининг бошланғич синфлари учун филология фанлари ва аниқ фанлар бўйича машқ дафтарларини нашр этиш ҳамда етказиб бериш Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Республика мақсадли китоб жамғармасини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида” 2006 йил 1 июндаги ПҚ-363-сон қарорида белгиланган дарсликларни нашр этиш ҳамда етказиб беришни молиялаштириш тартибига асосан, мультимедиали диск иловаси билан таъминлаш эса — ўқитувчиларни ўқув-методик қўлланмалар билан таъминлаш тартиби асосида амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази:

  • икки ой муддатда умумий ўрта ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълимининг давлат таълим стандартлари талаблари асосида ўқув дастурларини янгидан ишлаб чиқиб, белгиланган тартибда тасдиқлайди ҳамда умумий ўрта ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларига етказади;
  • Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги билан биргаликда уч ой муддатда яратилаётган ўқув-методик мажмуаларнинг ўқувчиларни мантиқий фикрлашга ундайдиган, расмларга бой, замонавий матбаа талабларига жавоб берадиган шаклларда чоп этилиши таъминланади;
  • умумий ўрта ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълимининг давлат таълим стандартлари ва ўқув дастурларини амалиётга самарали жорий этиш юзасидан тегишли мутахассислар учун 2017-2018 ўқув йилидан бошлаб мақсадли ўқувлар ташкил этсинлар ҳамда педагог ходимларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш курслари дастурлари ва ўқув модулларининг қайта кўриб чиқилиши таъминланади.

Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Маданият вазирлиги, Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитаси, Ўзбекистон Бадиий академияси ҳамда манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда 2017-2018 ўқув йилига қадар академик лицейларнинг таълим йўналишлари ва касб-ҳунар коллежларининг тайёрлов йўналишлари бўйича малака талаблари, ўқув режалари ва дастурларини ишлаб чиқсин ва белгиланган тартибда тасдиқлаши белгилаб қўйилди.

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Халқ таълими вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази тақдим этган харажатлар сметалари асосида умумий ўрта ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълимининг давлат таълим стандартлари, академик лицейларнинг таълим йўналишлари ва касб-ҳунар коллежларининг тайёрлов йўналишлари бўйича малака талабларини, ўқув режалари ва дастурларини, академик лицей ва касб-ҳунар коллежи дипломлари бланкаларини чоп этиш учун сарфланадиган маблағларни белгиланган тартибда ажратади.

Шунингдек Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг 6-иловага мувофиқ айрим қарорларига ўзгартиришлар киритилди.

Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг 7-иловага мувофиқ айрим қарорлари 2020 йил 1 сентябрдан бошлаб ўз кучини йўқотган деб ҳисобланади.

Вазирликлар ва идоралар ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирадилар.

Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Вазирлар Маҳкамасининг Таълим ва илм-фан масалалари ахборот-таҳлил департаментига юкланди