Қорақалпоғистон Республикасининг Мўйноқ тумани ҳудудида жойлашган Судочье кўлида айни пайтда қушлар салтанати ҳукм сурмоқда. Умумий майдони 50 минг гектардан ошадиган ушбу кўллар тизимида ҳозирда 230дан ортиқ турдаги минглаб кўчманчи ва доимий яшовчи қушлар мавжуд бўлиб, уларнинг орасидан фламинго қушлар тўдасини ҳам учратиш мумкин. Бу ҳақда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Ахборот хизмати хабар бермоқда.

Судочье кўли ўзининг жойлашиши бўйича Сибирь ва Тундрадан жанубга ва жанубий-шарқга, иссиқ мамлакатларга ва орқага учадиган трансконтинентал мигрант қушларнинг ғарбий-осиё миграцион йўлида жойлашган. Мазкур кўл Қорақалпоғистон Республикасининг шимолий-ғарбида жойлашган ва бир неча кўллар тизимидан ташкил топган (кичик ва катта Судочье, Қаратерен, Бегдулла айдин, Омар салим, Қаражар, Ақушпа ва ҳ.). Бу кўллар тизими қушларнинг уя қўйиш, учуб ўтувчи қушларнинг дам олиш, учиш олдидан озиқланиш ўрни бўлиб хизмат қилади.   

Судочье кўллар тизимида Ўзбекистон Республикасининг Қизил китобига кирган 40 турдаги қушларнинг 30 тури, Табиатни муҳофаза қилиш Халқаро ташкилотининг «Йўқ бўлиб кетиш хавфи остидаги турларнинг Қизил рўйхати»га киритилган 24 турдаги қушнинг 18 тури яшайди. 

Шундай қизил китобга кирган қушларнинг бири – фламинго қушининг тўдаси кейинги 10 йил ичида Судочье кўлида пайдо бўлди. Ўзининг cўлим табиати, гўзал манзараси билан нафақат маҳаллий аҳолининг, балки хорижий туристларнинг ҳам эътиборини қозониб келаётган «Судочье» кўллар тизимида табиатда ноёб саналадиган пушти ранг фламинго қушларининг мавжудлиги ва ушбу қушнинг шу жойда уяларининг топилганлиги республикамиз орнитолог-олимларининг катта илмий кашфиёти бўлди.

Кейинги ўн йилликларда Жанубий Орол атрофида фламингонинг учраши сезиларли даражада юқорилади, - дея тасдиқлайди ёш орнитолог-олим Исламбек Арепбаев. Бу жойда фламинго учиб ўтувчи қуш тури сифатида белгили. Лекин, 2014 йили 23 май куни Судочье кўллар тизимида олиб борилган орнитологик тадқиқотлар вақтида кўлнинг шарқий чегарасидаги кичикроқ оролда фламингонинг катта уяловчи колонияси топилди. Бу ҳақиқий илмий янгилик бўлди. Биз оролда фламингонинг 7000 особи ва 3000 га яқин уясини санадик. Бу Ўзбекистондаги энг катта колония бўлиб, у бутун дунёдаги популяциянинг 1,4 фоизини ташкил қилади. 

Қорақалпоқ давлат университети ўқитувчиси, биология фанлари номзоди Я.Аметовнинг таъкидлашича, «Судочье» кўли кўчманчи қушларнинг олис-олисларга учиши учун куч тўплаш мақсадида қўним топадиган мўл озуқа манбаи ҳам саналади. Фламинго қушлари Қорақалпоғистоннинг бир-неча жойларида, хусусан Возрождение оролида, Мўйноқда, ғарбий Қаратерен кўлида, Шегекўлда (Междуречье сув сақлағичи), Сариқамиш кўлида, Амударёнинг ўнг қирғоғида, Жалтирбас кўлида ва бошқа жойларда учраган, лекин «Судочье»даги каби йирик колониянинг пайдо бўлиши аввал кузатилмаган. 

Орнитолог-олимларнинг билдиришича, ҳозирги пайтда Судочье кўлида фламинго ва бошқа камёб учрайдиган қушлар учун биринчи хавф ва муаммо бу – сувнинг етишмовчилиги. Бу қушларнинг тирикчилиги ва уялаши учун маълум миқдорда сув керак бўлади. Сабаби булар сувда ва сув қирғоғида яшовчи қушлар. Иккинчи хавф ва муаммо бу – ноқонуний овчилик ёки браконьерлик. 

Президент Шавкат Мирзиёевнинг раҳнамолигида Оролбўйи ҳудудини, айниқса Мўйноқ туманини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда ва бу соҳада қатор муҳим ҳужжатлар қабул қилинди. Қабул қилинган ҳужжатларда Мўйноқ туманида туризмни ривожлантиришга алоҳида урғу берилган. «Судочье» кўлида ҳар йили баҳор-куз ойларида минглаб кўчманчи қушларнинг қўним топиши ғоят ажойиб манзарани намоён қилади. Бу эса ҳудудда экотуризмнинг янада ривожланишига катта ҳисса қўшиши табиий, дейди биз билан суҳбатда «Мўйноқ аква саноат» ДУК директори Руслан Мамбеткадиров. 

Қорақалпоғистон дейилганда кўпчиликнинг тасаввурида ўта аянчли экологик аҳволдаги ҳудуд пайдо бўлади. Лекин, Судочье кўлини, Орол денгизи акваториясини, Устюрт чинкларини, каньонларни ва Устюрт кенгликларидаги неча асрлар тарихини сир сақлаётган обидалар, археологик топилмаларни кўрган киши бир умр бу диёрга чексиз муҳаббати ортиши табиий.