"Ювентус" бош мураббийи Массимилиано Аллегри ўз жамоасининг Чемпионлар Лигаси чорак финалининг 1-учрашувида уй майдонида "Барселона" билан кечган учрашувига изоҳ берди ва энди унинг жамоасини Европада ҳурмат қилишларини айтди. Учрашув туринликларнинг номдор рақиблари устидан 3:0 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланди.  

"Тан олиш керак, биз бугун аъло даражада ўйнадик. Жамоа ҳимояда ҳам, ҳужумда ҳам техник жиҳатдан яхши ўйин кўрсатди. Ярим финалга йўлда биринчи қадам қилинди, бироқ жавоб учрашуви умуман ўзгача бўлади. Жамоамнинг "Барселона"дан ўтиши имкониятларини фоизларда баҳолай олмайман. Жавоб учрашувида рақиб дарвозасини нишонга олган ҳолда ўйнаймиз.

Мен орзу-хаёлларга берилувчанман, бироқ шу билан бирга вазиятга реал қарайман. "Ювентус" тараққий этмоқда. Жамоа қилаётган ишдан хурсандман, у охирги йилларда олдинга қадам ташлади. Энди "Ювентус"ни Европада ҳурмат қилишади – бу эса клубдаги уч йиллик меҳнатимнинг асосий натижасидир.

Дибала бугун ажойиб тарзда ўйнаб, ўз даражасини кўрсатди. Барча яхши ўйнади. Пауло ҳужумларнинг якунловчи қисмида ажойиб ишлади. У ва барча жамоа учун хурсандман", деб Аллегри айтган сўзларни келтириб ўтди Mediaset Premium нашри.

Манба: Tribuna.uz