АҚШ етакчилигидаги коалициянинг Афғонистондаги "Толибон" радикал ҳаракатига қарши чоралари КХШТ (Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти) мамлакатларида наркотрафик ўсишига сабаб бўлди. Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбоев "Мир" телеканалига берган интервьюсида шундай фикрни билдирган

"Нима учун гиёҳванд моддалар айланмаси ортди, нима учун Афғонистондан бошқа мамлакатларга бу каби моддалар етказиб берилиши кучайди? Чунки, "Толибон" озми-кўпми наша экилиши, бу каби ўсимликлар етиштирилишига қарши курашиб келди, уларнинг ўрнига келган америкаликлар етакчилигидаги коалициянинг бу билан иши бўлмади", — деган Атамбоев.

Унинг қайд этишича, "ўтган давр мобайнида опий макини экиш, опий далалари бир неча маротаба ортган бўлса керак". "Бу йиллар учун биз, Афғонистонда тартиб ўрнатмоқчи бўлганларга "ташаккур билдиришимиз керак". Ким нима деса-десин, натижа аниқ. Бу ерда шундай қоидага амал қилинган: бирор нарса қилайлик, кейин кўрамиз. Мана билганини қилишди. Азиятини бизлар чекаяпмиз. Ўйлайманки, бу ёмонлик билан қилинмаган, гарчи хаёлга турли фикрлар келиб турса-да", — деган Қирғиз давлати раҳбари. 

Марказий Осиё мамлакатлари, хусусан Қирғизистон ҳудудидан дунёдаги энг йирик наркотрафиклардан бири ўтади. "Шимолий йўл" деб номланувчи йўналиш орқали Афғонистондан Россия ва Европа мамлакатларга йилига 75 тоннагача героин ва гашиш етказиб берилади.