2017 йил 12 апрель куни Beeline алоқа оператори ОАВ ходимлари учун матбуот анжумани ташкил қилди. Брифингда компания "Ҳаёт учун 4G" дастурининг ишга туширилиши ҳақида маълум қилди. Энди мутлақо бепул 4G компаниянинг ҳар бир тарифида мавжуд. 

Бу каби улкан оммавий лойиҳани йирик сармояларсиз амалга ошириб бўлмайди. Маълум бўлишича, 2016 йилда Ўзбекистонда фаолият олиб бораётган Beeline компаниясининг капитал харажатлари 533 миллиард сўмни ташкил этди. Ушбу маблағнинг асосий қисми айнан Тошкент шаҳрида LTE тармоғини ривожлантириш ва кенгайтиришга сарфланган. 

Beeline республиканинг 20 шаҳрида 4G тармоғини кенгайтириш бўйича ишларни бошлаб юборди. Йил охирига қадар Ангрен, Андижон, Бекобод, Бухоро, Ғиждувон, Гулистон, Жиззах, Зарафшон, Қарши, Қўқон, Марғилон, Навоий, Наманган, Нукус, Самарқанд, Термиз, Урганч, Фарғона, Хива ва Чирчиқ шаҳарлари аҳолиси юқори тезликдаги интернетнинг барча имкониятларидан фойдаланиши мумкин.

Максим Ефремов, Unitel МЧЖ тижорат директори: 

"Ҳаёт учун 4G" - бу Beeline абонентлари учун 4G премиум хизмат бўлмай, ҳар куни фойдаланса бўладиган интернетга айланади. Бу қуруқ сўзлар эмас, дастур доирасида барча мавжуд бўлган тариф режаларига мисли кўрилмаган бонуслар қатори жорий қилинган".

Евгений Ключев, Unitel техник директори: 

"Транспорт тармоғини модернизация қилмай, ташқи интернет-каналини сезиларли даражада кенгайтирмай туриб, янги база станцияларининг қурилишидан кутилган натижани олиб бўлмайди. Бугунги кунда биз ижарага олган халқаро канал 8 Гбит/с ташкил этади ва бу республика алоқа операторлари томонидан чоп этилган энг катта кўрсаткич. Жорий йилнинг охиригача Ўзбекистон ҳудудида 4G тармоғини кенгайтириш доирасида мазкур кўрсаткич янада ошади".