2017 йил 12 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Олий судида “Фуқаролик ишлари бўйича судлар фаолиятини янада такомиллаштириш - суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг устувор йўналиши” мавзусидаги халқаро давра суҳбати бўлиб ўтди. Тадбир Олий суд, АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) ва БМТ Тараққиёт дастурининг “Ўзбекистонда қонун устуворлиги йўлида ҳамкорлик” қўшма лойиҳаси доирасида ташкил қилинди.

Давра суҳбати ишида хорижий экспертлар ва халқаро ташкилотлар вакиллари билан бир қаторда Олий суд, Бош прокуратура, Адлия вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Амалдаги қонун ҳужжатлари мониторинги институти, Суд департаменти, Адвокатлар палатаси мутахассислари ҳамда ҳуқуқ соҳасидаги олимлар ва тадқиқодчилар иштирок этишди.

Тадбирдан кўзланган асосий мақсад суд-ҳуқуқ соҳасини ислоҳ этиш борасида амалга оширилаётган туб ўзгаришларни муҳокама қилиш, хорижий экспертлар иштирокида ўтказилган функционал таҳлил натижалари бўйича фикр алмашиш бўлди.

Иштирокчилар “Ўзбекистонда қонун устуворлиги йўлида ҳамкорлик” қўшма лойиҳаси иш режаси асосида ўтказилган Ўзбекистон Республикаси фуқаролик ишлари бўйича судлар фаолиятининг функционал таҳлили натижарига алоҳида урғу беришди. Ушбу ҳужжат методологияси ва якуний ҳисоботини тайёрлашга сербиялик халқаро консультант жалб қилинганини қайд этишди.

Тадбир маърузачилари функционал таҳлилнинг мақсад ва вазифалари ҳақида батафсил тўхталиб, уни ўтказиш учун зарур шарт-шароитлар тўғрисида маълумот беришди. Шу билан бирга, мазкур таҳлил натижаларини амалда жорий қилиш юзасидан тавсиялар ва бунинг оқибатида пайдо бўладиган кенг имкониятлар борасида фикр алмашинилди.

Давра суҳбатида сўз олганлар мамлакатимизда қонун устуворлигини таъминлаш, суд тизими тузилмасини тубдан такомиллаштириш ва фаолияти самарадорлигини ошириш, судларнинг чинакам мустақиллигини мустаҳкамлаш борасида олиб борилаётган ислоҳотларни юқори баҳолашди. Таъкидланганидек, суд ҳокимияти тармоғини ислоҳ қилиш ва либераллаштириш 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг устувор йўналишларидан биридир. Эътиборлиси, мазкур йўналиш бўйича амалий аҳамиятга эга чора-тадбирлар “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” Давлат дастурида ҳам акс эттирилган.