Канаданинг бир нечта штати полицияси мобил телефонлар ортидан кузатиш технологиясидан фойдаланишини тан олди, бироқ бу технологияни аниқ нима учун – суҳбатларни эшитиш ёки матнли хабарларни дешифровкалашда ишлатиши бўйича аниқлик киритмаган. Бу ҳақда CBC телеканали хабар бермоқда.  

Телеканал маълумотларига кўра, Калгари, Онтарио ва Виннипег штатлари полицияси IMSI-кэтчер деб аталувчи мобил телефонлар ортидан кузатувчи қурилмаларга эга. Бу қурилмалар телефон тармоғининг базавий станцияси остида ниқобланиб, ярим километр радиусда маълумотларни йиғади. 

Маълум қилинишича, Канада полицияси бу технологияни "ҳаётий зарур инструмент" деб ҳисоблаб, уни гумонланувчининг жойлашган ўрнини аниқлаш ва миллий хавфсизлик билан боғлиқ жиддий қонунбузарлик ва жиноятларни тергов қилишнинг бошланғич босқичларида қўллайди.  

Британия Колумбияси фуқаролик эркинлари уюшмаси ҳуқуқ ҳимоячиларининг айтишларича, IMSI қурилмасини қўллаш ҳақида фармойиш бор ва унда бу технологияни қўллашнинг аниқ чегаралари ёзилган. 

"Биз полицияда мақбул асбоблар бўлишини истаймиз", деб айтган фуқаролик эркинликлари уюшмасининг хусусий ҳуқуқ бўйича мутахассиси Мишель Вонн. Унинг таъкидлашича, жамият бу технологиянинг одамлар шахсий ҳаётига кириш учун қўлланиши мумкинлигидан жуда хавотирланмоқда.