“Нотариат тўғрисида”ги қонунга асосан нотариус лавозимга талабгорлар йигирма беш ёшдан кичик бўлмаган, олий юридик маълумотга, юридик мутахассислик бўйича камида уч йил муддатли иш стажига эга бўлган, шу жумладан нотариал идорада камида икки йил муддатли стажировкани ўтаган, малака имтиҳонини топширган Ўзбекистон Республикаси фуқароси нотариус бўлиши мумкинлиги белгиланган. 

Амалиётда нотариус лавозими захирасини малакали кадрлар билан таъминлаш ва бўш нотариус ўринларини юқори малакали ҳамда етарли кўникмага эга бўлган шахсларни тайинлашда қийинчиликлар вужудга келмоқда.

Шу билан бирга, маълумки нотариус лавозимига Адлия вазирлиги ҳузуридаги Олий малака комиссияда танловда ғолиб бўлган талабгорлар тайинланадилар. Лекин, айрим олис ҳудудларда кадрлар етишмовчилиги, талабгорларнинг ушбу ўринлар учун танловда иштирок этмаслиги нотариус лавозими кўп йиллар давомида бўш бўлиши, оқибатда маҳаллий аҳолининг нотариал ҳаракатларга бўлган эҳтиёжи ўз вақтида қондиришнинг имконини бермайди. Ушбу ҳолат нотариусларнинг ротация қилишни тизимини жорий этишни тақозо қилади.

Шунингдек, “Нотариат тўғрисида”ги Қонунга кўра нотариуслар оддийдан муракабгача бўлган нотариал ҳаракатларни, жумладан, ҳужжатлар нусхаларини, васиятномалар, ҳужжатлардаги имзонинг ҳақиқийлигини, шаҳодатлаш, мулкни тасарруф этиш ҳақидаги битимларни, гаров (ипотека) шартномалари, меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисидаги гувоҳномаларни расмийлаштириш каби нотариал ҳаракатларни амалга оширади.

Ҳаракатлар стратегиясида Нотариат ва Фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш (ФҲДЁ) органлари тизимини ислоҳ этиш белгиланди.

Хусусан босқичма-босқич нотариатнинг фаол бюджетдан ташқари моделига ўтиш ва уни фуқаролик-ҳуқуқий ва хўжалик низоларини олдини олишга қаратилган институт сифатида янада ривожлантириш;

нотариус лавозимига номзодлар учун стажировка муддатини қисқартириш;

нотариус ёрдамчисига ҳужжат нусхалари тўғрилигини тасдиқлаш ваколатини бериш;

нотариусларни аттестациядан ўтказиш тартибини жорий этиш;

мажбурий нотариал тасдиқланадиган битимлар турларини мақбуллаштириш;

нотариал идораларга электрон мурожаат қилиш тартибини белгилаш;

давлат божини электрон тўлов тизимидан фойдаланган ҳолда қабул қилиш тартибини жорий этиш;

муомалага лаёқатсиз деб топилган фуқаролар тўғрисида маълумотлар базасини шакллантириш;

ФҲДЁ органлари фаолиятига замонавий ахборот-технологияларини жорий этиш.