Россия Афғонистондаги вазиятни ҳал этиш учун ўз қуролли кучлари ва Тожикистондаги 201-базасидан фойдаланишга мажбур бўлмаслигига умид қилади. 

Россия раҳбари Владимир Путин ушбу минтақадаги вазият хусусида фикр билдирар экан, "бу КХШТ мамлакатларининг барчаси учун хавфли йўналишдир", деган фикрни билдирди. У Афғонистон ҳудудидан жангарилар ҳужуми амалга оширилганини ёдга олди. 

"Мен гиёҳванд моддалар савдоси, айрим жиноий гуруҳлар ҳақида гапирмаяпман. Биз биламизки, бир неча йил муқаддам, Қирғизистон ҳудудида йирик жиноий гуруҳ бостириб кирган эди. Ўшанда, уларга қарши қуролли кучлардан фойдаланишга тўғри келган эди", — деган Путин "Мир" телеканали билан суҳбатда. 

"Биз бу Россия учун қанчалик хавфли эканини жуда яхши тушунамиз. Тожикистонда 201-ҳарбий базамиз фаолият юритиши ҳам тасодифий эмас. У минтақадаги барқарорликнинг муҳим элементи. Шу боисдан ҳам биринчи таҳдид — бу албатта, Афғонистон ҳудудидан келиб чиқаётган терроризм таҳдидидир. Аммо, толибларга келадиган бўлсак, дунёнинг кўплаб мамлакатлари ушбу ташкилот билан у ёки бу маънода алоқада. Албатта, улар орасида радикаллар бор. Бироқ, биз БМТ ва бошқа ҳамкорларимиз сингари Афғонистондаги ҳар қандай кучлар билан Афғонистон конституциясини тан олиш, қуролсизланиш ва миллий бирликка эришиш нуқтаиназаридан ҳамкорлик қилишга тайёрмиз", — деган Путин.