Россия президенти Владимир Путиннинг маълум қилишича, миграцияни бутунлай тўхтатиш мумкин эмас, миграция оқимлари устидан кучли назорат ўрнатиш масаласи эса қарийб барча давлатларга тегишли.

"Мен фуқароларимизнинг ташвишда эканини тушунаман. Биз миллий хавфсизлик учун таҳдид сифатида қабул қилинаётган кўплаб ҳодисаларга гувоҳ бўлмоқдамиз, улар собиқ иттифоқ республикалари орқали фильтрдан ўтувчи жангарилардан келмоқда. Бу фақатгина Ўрта Осиёга эмас, балки бошқа республикаларга ҳам тегишли. Уларнинг бир қисми хориждан келмоқда. Замонавий дунё шундай қурилганки, миграцияни бутунлай тўхтатиш мумкин эмас. Бу фақатгина Россияга эмас, балки бошқа давлатларга ҳам тегишли. Гап бу миграция оқимлари устидан кучли назорат ўрнатишдадир", - дея айтиб ўтди Путин “Мир” телеканалига берган интервьюсида. 

"Россияга келаётган кишиларнинг аксарияти ўз оиласига ёрдам бериш мақсадида, ишлаш учун келади. Евроосиё иқтисодий иттифоқи каби ташкилотни яратиш ишчи кучи, капиталлар, хизматлар, товарларнинг эркин ҳаракатланишини кўзда тутган. Бу барча давлатлар ривожи учун жуда катта афзалликка эга. Замонавий дунё эса шундай қурилганки, айнан иқтисодиёт соҳасидаги омад ёки муваффақиятсизлик бутун бир минтақалар тақдирини ҳал қилади. Шунинг учун бу бизнинг ҳаётимиз ва келажагимиз учун жуда муҳим масала", - дея қўшимча қилиб ўтди президент.