АҚШ биринчи марта жанговар шароитларда энг катта ноядровий бомбани ИШИДнинг Афғонистондаги жангариларига қарши қўллади. Бу ҳақда Пентагон матбуот хизматида маълум қилинди.

"Зарба Нангархор вилоятининг Ачин туманига 13 апрелда берилган. Зарбадан мақсад ИШИД жангарилари, улар ҳаракатланиш учун қўллаган туннеллар тизимини нишонга олиш бўлган. GBU-43 бомбаси қўлланган", деб айтди Пентагон вакили. 

Ташланган бомба энг катта ноядровий бомба бўлиб, "барча бомбаларнинг онаси" деган норасмий ном ҳам олган. 

Ўта қудратли авиацион фугас бомба MC-130 самолётидан ташланган. Унинг қўлланиши ҳақидаги буйруқни генерал Жон Николсон берган. Маълумотларга кўра, бундай бомбанинг оғирлиги 9,5 тоннани ташкил қилади. 

Пентагон вакилларининг таъкидлашича, тинч аҳоли ўртасида қурбонлар бўлмаслиги учун барча эҳтиёт чоралари кўрилган.

Пентагонда ушбу операция устида бир неча ой давомида иш олиб борилгани таъкидлаб ўтилди. 

GBU-43 одатда стандарт бомбалар ва артиллерия зарбаларига дош бера оладиган бункерлар, туннеллар ва бошқа ер ости нишонларига максимал зиён етказишга мўлжалланган бомбадир.

Расмий маълумотларга кўра, АҚШ армиясида бундай бомбадан 15 дона бор. Бомбанинг таъсир доираси 140 метрга тенг. Унинг зарба кучи шунчаликки, портлаш марказидан ярим километргача узоқликда вайроналар юз беради.

Аввалроқ АҚШ президенти Дональд Трамп маъмурияти Афғонистон бўйича янги стратегия ишлаб чиқаётгани ва бу мамлакатда кўпроқ қуролли кучларни қўллашни режалаштираётгани маълум қилинганди.