«Барселона» раҳбарияти келгуси мавсумдан бошлаб таркибда инқилобий ўзгаришларни амалга оширмоқчи, дея хабар бермоқда Tribuna.uz сайти.

Манба берган хабарга кўра, «Ювентус»га қарши ЕЧЛ чорак финалининг биринчи учрашувдаги мағлубиятдан (0:3) сўнг клуб раҳбарлари шундай қарорга келишган. 

Аммо гап таркибдаги инқилоб футболчиларнинг сони билан белгиланмайди. «Барселона» унча кўп футболчи эмас, балки жуда қиммат футболчиларни сотиб олишни режалаштирмоқда. Бундан ташқари жамоа ўзининг ўринбосарлар таркибидаги бир неча футболчиларини ҳам асосий таркибга қайтармоқчи. 

Луис Энрикенинг ўрнини ким эгаллаши бўйича қарор жамоа олдига қўйилган мақсад ва вазифаларнинг қандай якун топишига қадар ҳал қилинмай туради. Шу маънода кўп масалага келгуси ҳафтадаёқ аниқлик киритилиши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, «Барселона» ва «Ювентус» жамоалари иштирокидаги жавоб учрашуви 19 апрель куни кўк-анорранглилар уйида бўлиб ўтади.