«Милан»нинг Ли Йонхонг раҳбарлигидаги хитойликлар ва америкаликлар консорциумига (Sport Investment Lux) сотилиши жараёни якунланди. Бу ҳақда Football Italia хабар тарқатди.

13 апрель куни ўтказилган учрашувда эндиликда «Милан»нинг собиқ хўжайини Сильвио Берлускони клуб акцияларининг 99,93 фоизини сотган. Савдонинг умумий қиймати 740 млн еврога баҳоланган. Бу маблағнинг 220 миллион евроси клуб қарзларини ёпиш учун, яна 90 миллион евро Fininvest компаниясига келишув тузилиши кечиктирилгани учун ажратилади. Келишув 2016 йил августида тузилган аммо хитойликлар пулни ўтказиб беришни ортга суриб келаётганди.

Сильвио Берлускони «Милан»ни 1986 йилнинг февралидан буён бошқариб келди. Берлусконининг 31 йилдан иборат даврида россонерилар 29та соврин қўлга киритган: жамоа 8 марта Италия чемпионатида, бир марта Италия Кубоги финалида, 7 марта Италия Суперкубогида ғолиб чиқди. Шунингдек, жамоа Чемпионлар Лигасида 5 марта, УЕФА Суперкубогида 5 марта, Қитъалараро Кубокда икки марта ва клублар ўртасидаги жаҳон чемпионатида ғалаба қозонган.