Ўзбекистонда сўнгги вақтларда олиб борилаётган ислоҳотлар, реалликка асосланган даъватлар фуқароларнинг бу ишларга бўлган қизиқишини янада орттирмоқда, уларнинг ташаббускор бўлишга ундамоқда. Жумладан, президент Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон телевидениесини танқидга олгани анчадан буён муҳокамалар марказида бўлиб келмоқда.

Кун.uz таҳририятига юборилаётган мактублардан бири эътиборимизни тортди. Унда айнан шу мавзу тилга олинган эди. Зайнобиддин Исроилов имзоси остида ёзилган талаб ва таклифларда жон бордек. Уларда шундай дейилади:

“Президент Шавкат Мизиёев томонидан телеканаллар фаолиятини танқид этилиши, мени шу мавзуда бироз мушоҳада қилишга мажбур қилди. Авваламбор, мен шуни маълум қилишим керак-ки, асл касбим журналист эмас. Шунинг учун бу фикрларни сайтингизнинг бир мухлиси томонидан билдирилган холис танқид, деб қабул қиласизлар, деган умиддаман. 

Тележурналистика собиқ иттифоқ даврида том маънода босим остида эди. Лекин мустақилликдан кейин ҳам негадур бу соҳа ривож топа олмади. Марҳум Биринчи Президентимиз ҳам журналистларни бир неча бор жасурроқ бўлишга даъват этишларига қарамай, бу борада тараққиёт кўзга ташланмади. Янги президентимизнинг тинимсиз ташвиқотлари билан журналистларимизга бироз жон кириб, улар ўткирроқ мавзуларда мақолалар тайёрлаб, муаммолардан воқиф этишмоқда. Бироқ бу ислоҳотлар нафаси фақат интернет ва босма нашрларда сезилмоқда холос. 

Ўзбекистонда ҳозир 12 миллиондан ортиқроқ киши интернетдан фойдаланади ва бу юртимиз аҳолисининг ярми ҳам эмас, шундай экан уларнинг кўпчилиги янгиликларни телевидение орқали қабул қилади. Хўш, ахборот тарқатиш билан шуғулланувчи кўрсатувларимизнинг ишлари сифат даражасидами? Менимча йўқ. 

Фикримнинг тасдиғи сифатида бир неча ой олдин ижтимоий тармоқларда ўтказилган сўровномани келтирсам. Унда иштирок этганларнинг аксар қисми телевизорни деярли кўрмай қўйганини билдиришган. Хўш, бунга сабаб нима? 

Менинг назаримда бу саволга жавоб кўрсатувларнинг реалликдан йироқлашиб, олди-қочди мавзуларнинг кўпайиб кетганлигидадир. Мана, яқинда ташқи миграция билан боғлиқ можаро кўтарилди ва бу фақат интернет, газета ва журналлар орқали ёритилди. Аммо бу мавзу телевидение орқали эълон қилинмади, гўёки сув қуйгандек жимжит ҳаммаёқ. Чунки ҳамма каналлар яллачи-ю, эл таниган-танимаган актёрлар билан тўлиб-тошиб ётибди. Шунинг учун одамларнинг телевидениедан кўнгли қоляпти. 

Агар интернет фойдаланувчиларининг сони шу зайл ўсишда давом этса, яқин йиллар ичида телевидениега бўлган эҳтиёж буткул йўқолиб кетиши ҳам турган гап. Чунки интернет орқали одамларда барча ахборотни бир вақтнинг ўзида қабул қилиш имконияти пайдо бўлади. Демак, яқин орада телеканаллар олдида катта вазифа турибди, яъни фақат президент бирор соҳани танқид қилишини кутиб турмасдан, ташаббус кўрсатиб, дадил меҳнат қилиш вазифаси”.

Ҳуқуқий демократик давлатнинг энг устувор тамойилларидан бири фуқароларнинг ўз ҳуқуқ ва эркинликларини тўла англаб етишларидир. Ўз Ватанидаги янгиликларга бефарқ бўлмаслик ҳам ана шу тамойиллар қаторини тўлдиради. Юқорида тилга олинган мавзу юзасидан сиз қандай фикрдасиз?..