18 апрелдан 30 апрелгача Истанбулда Лолалар фестивали (Istanbul Lale Festivali) бўлиб ўтади. Бу фестиваль Туркияга кўплаб сайёҳларни жалб қилувчи бутун жаҳонга маълум  гуллар фестивалидир.

Фестиваль ҳар баҳорда ўтказилади. Ҳар йил апрелда Истанбул лолаларнинг жаҳон пойтахтига айланади.

Бу йил ўтказиладиган XXII Лолалар фестивали доирасида лолалар шаҳарнинг турли бурчакларида ўтқазилади. Истанбулда уларни деярли ҳар ерда учратиш мумкин бўлади. 

Жорий йилда шаҳарда 200 навдаги 10 миллион дона лола пиёзи экилади.

Фестиваль очилиш маросими 18 апрелда бўлиб ўтади. Фестивалнинг барча асосий тадбирлари Эмирган боғида бўлиб ўтади. Бу ерда турфа хилдаги сон-саноқсиз лолаларни кўриш мумкин бўлади. 

Туркиянинг энг яхши ландшафт дизайнерлари Истанбул аҳолиси ва меҳмонларни лолаларнинг турли навларидан тузилган ёрқин композициялар билан ажаблантиришга ҳаракат қилиб кўрадилар. 

Лолалар фестивалини ўтказиш анъанаси кўп асрлик урф-одатларга ҳурмат белгиси сифатида Истанбул мэрияси томондан биринчи марта 2005 йилда ўтказилган. Жорий йилда фестиваль "Истанбул лолалар билан учрашмоқда" деган шиор остида ўтади.

18 апрелда Истанбулда шунингдек лолалар кўргазмаси ҳам ўз ишини бошлайди.