Андижон вилоятининг шаҳарлар ва туманлардаги чегарадош бўлган маҳалла фуқаролари йиғинларида истиқомат қилиб келаётган аҳоли ва ёшларнинг ҳуқуқий маданиятини янада ошириш, маҳаллаларда ижтимоий-маънавий муҳитни барқарорлаштириш бўйича тузилган алоҳида режага асосан, Избоскан, Хўжаобод, Жалолқудуқ, Марҳамат, Булоқбоши, Қўрғонтепа, Пахтаобод туманлари, Хонобод, Қорасув шаҳарларида бир қатор тадбирлар бўлиб ўтмоқда. 

Ана шундай тадбирлардан бири бугун, 13 апрель куни Қорасув шаҳрида бўлиб ўтди. Вилоят ҳокимининг ўринбосари Ш. Турсунов, вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи Ш. Собиров бошчилигидаги туман ҳокими ва ички ишлар ходимларидан иборат гуруҳ Қорасув шаҳридаги ижтимоий муҳофазага муҳтож, нотинч хонадон оилаларида бўлиб уларнинг мавжуд муаммоларни ҳал этиш бўйича амалий ёрдам берди. Суҳбатлар давомида, айни пайтда ишсиз юрган фуқароларнинг 10 нафари иш билан таъминланиб, тадбиркорликни йўлга қўйиш учун кредит маблағларини олиш бўйича мурожаат қилган кишилар муаммолари ҳал қилинди.

Тадбир давомида нуроний оила бошлиқлари ёшлари саксондан ошган Абдулазиз ота Азизов ва унинг умр йўлдоши Дилнозахон оналарга фуқаролик паспортлари хонадонларига бориб тантанали топширилди.

Шаҳардаги мусиқа ва санъат мактабида аҳоли ва ёшлар билан ўтказилган мулоқотда вилоят ҳокимининг ўринбосари Ш. Турсунов, вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи Ш. Собиров, вилоят бош имом хатиби Н. Ҳолиқназаровлар иштирок этиб, йиғилганларга ёшларни мафкуравий таҳдидлардан ҳимоя қилиш, аёллар ва ёшлар ўртасида жиноятчиликни олдини олиш, ўз жонига қасд қилиш ҳамда фуқароларни чет давлатларга ноқонуний чиқиб кетишининг олдини олиш ҳақида сўз юритишди. Очиқ мулоқот тарзида ўтказилган тадбирда фуқаролар ўзларини қизиқтириб келаётган саволларга жавоб олишди.