Россия БМТ Хавфсизлик кенгашидаги тақиқ қўйиш ҳуқуқидан фойдаланиб, Сурия бўйича резолюция лойиҳасини блоклади.  

Резолюция бўйича йиғилиш 12 апрелда ўтди. Лойиҳани муҳокамага Буюк Британия, Франция ва АҚШ қўйди. Лойиҳада БМТ бош котибига Сурияда кимёвий қурол қўлланиши билан боғлиқ воқеаларни тергов қилишда ёрдам бериш таклиф қилинган.  

Франциянинг БМТдаги доимий вакили Франсуа Делаттр резолюция лойиҳасини "лўнда ва мувозанатлашган" деб атаган. Резолюциянинг янги варианти бу давлатлар томондан ўтган ҳафта билдирилган, бироқ овозга қўйилмаган вариант билан деярли мос тушган. Унда Сурия ҳукуматига бир қатор талаблар қўйилган, жумладан БМТ ва Кимёвий қуролни тақиқлаш ташкилоти мутахассисларига ҳарбий базаларга киришга рухсат бериш талаб қилинган.

Россия аввалроқ резолюция лойиҳасининг ўз вариантини тақдим қилганди. Россия ташқи ишлар вазирлигида бу ҳужжат "далиллар ўрнатилгунга қадар айбдор қилиш эмас, балки терговнинг реал ўтказилишига қаратилганлиги" айтилган.  

Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавровнинг айтишича, янги резолюция лойиҳаси нафақат кимёвий қурол қўлланиши билан боғлиқ воқеани тергов қилиш, балки Дамашқ номига билдирилаётган айбловларни қонунийлаштиришга қаратилган.