Subaru компанияси янги, етти ўринли йўлтанламас концептини намойиш этди. Автомобилга Ascent номи берилди ва Нью-Йоркдаги автосалонда оммага кўрсатилди.

Машина экстерьери дизайни концепцияси Dynamic X Solid номига эга. Автомобиль узунлиги 5029 мм.ни, кенглиги эса – 1981 миллиметрни ташкил этади. Унинг биринчи нусхаси бўлган VIZIV 7 Лос-Анжелесдаги автосалонда 2016 йилнинг ноябрида намойиш этилганди.

Машина келажакда серияли версияга эга бўлади. Янги йўлтанламас АҚШнинг Индиана штати Лафайет шаҳридаги заводда ишлаб чиқарилади. Янги йўлтанламас учта тўлақонли ўриндиқлар қаторига эга бўлади.

Янгиликнинг барча техник хусусиятлари сир сақланмоқда. Кўп эҳтимол билан серияли нусха 2,0 литрли бензин двигателига эга бўлади. Мотор қуввати эса 250 от кучини ташкил этади.

Янги етти ўринли кроссовер Subaru’нинг АҚШдаги заводда йиғиладиган бешинчи модели бўлади. Йўлтанламас Шимолий Америка бозорида 2018 йилдан сотувга чиқарилади.