АҚШ президенти Доналд Трампнинг Wall Street Journal нашри учун берган интервьюси ва ундан кейин ўтказган матбуот анжуманида ташқи сиёсат ва иқтисодиёт масалаларининг бир неча позициясида ўз нуқтаи назарини тўлиқ ёки қисман ўзгартиргани маълум бўлди. Уларнинг орасида долларнинг кейинги тарихи, Хитой билан муносабатлар ва Федерал захира тизими раисининг келажакда тайинланиши кабилар бор. 

Доллар ва фоиз ставкалари

WSJ нашрига берган интервьюсида Трамп Америка доллари «жуда қурбли бўлиб бораётгани»ни айтиб, Федерал захира тизими паст фоиз ставкаларини сақлаб туриши кераклигини таъкидлаган эди. Бу гаплардан кўп ўтмай доллар кучсизланди. Трамп эса шундай деди: «Тўғрисини тан оладиган бўлсам, менга кичик фоиз ставкалари сиёсати асло ёқмаяпти. Менимча доллар жуда кучайиб бормоқда, бунда менинг ҳам айбим бор, чунки одамлар менга ишонишади. Лекин бу иқтисодиётимиз учун зарар. Таассуфки, қанчалик чиройли эшитилмасин, қурби баланд долларнинг яхши томонларидан ёмон тарафлари кўпроқ. Долларингиз кучли бўлганида, бошқа мамлакатлар ўз валютасини девальвация қилиб турганида рақобатга киришиш жуда қийин». 

Ўзининг сайловолди кампанияси вақтида Трамп кучли доллар сиёсати АҚШ иқтисодиёти учун фойдали бўлишини бир неча бор такрорлаган эди.

Трамп сиёсатидаги силжиш Америка иқтисодий кўрсаткичларининг пасайишига олиб келадими-йўқми, номаълум, нима бўлганда ҳам ФЗТ баланси бўйича дебатларга якун ясалади ва ставкаларни ошириш масаласи сўроқ остида қолади. 

Бундан биринчи навбатда депозитлари ниҳоят даромад олиб келишидан умид қилиб турган Америка банклари омонатчилари жабр кўришади.

Хитойнинг валюта манипуляциялари

Интервьюсида Трамп, шунингдек, Хитой ўз валютаси қийматини пасайтирмаслиги, бу мамлакат бир неча ойлардан буён курсга таъсир кўрсатмаётганини таъкидлаб, Шимолий Корея туфайли АҚШ ва Хитой ўртасидаги музокараларнинг тўхтатиб қолишидан чўчиётганини билдирган.

Авваллари Трамп Барак Обамани Хитойни валюта манипулятори сифатида эълон қилмагани учун бот-бот танқид қилиб келарди, сайловолди кампаниясида эса у бу ишни президентлигининг биринчи кунидаёқ амалга оширишини ваъда берган эди.

Жанет Йелленнинг келажаги

Трамп WSJ нашрига шунингдек, ФЗТ раиси Жанет Йелленни ўз вазифасига қайта тайинланиши ҳақида айтиб ўтган. «У менга ёқади. Уни ҳурмат қиламан», — деган Трамп.

Сентябрь ойида Трамп Йелленни «Аниқ сиёсий артист», деб баҳолаган ва фонд бозорининг кўрсаткичларини яхшилаш ва Обамага қўшимча очколар олиб бериш учун паст фоиз ставкаларини сақлаб турганликда айблаган эди.

Экспорт-импорт банки

Трамп аллақачон Американинг баъзи бир экспорт маҳсулотларини субсидия билан таъминлаш учун тузилган АҚШ экспорт-импорт банкини қўллаб-қувватлашини билдирган, гарчи сайловолди кампанияси вақтида унга қарши эди. Трамп шундай деган: «Афтидан, экспортга йўналган кўплаб кичик компаниялар кўмак олаяпти. Бир қараганда, бу кулгили кўринади, лекин аслида ҳаммаси тўғри ва бу кўп пул келтиради». 

Аниқ башорат қилиш мумкинки, Трампнинг қўллаб-қувватлаши банк фаолияти қариндош-уруғчилик ва таниш билишчиликка олиб келиши муқаррар, деб ҳисобловчи ва унга қарши консерватив қарашдаги кишиларнинг ғазабига сабаб бўлади.

НАТО 

Трамп НАТО бош котиби Йенс Столтенберг билан матбуот анжумани ўтказди. Сайловолди кампанияси вақтида у блокни «эскирган» деб аташдан чарчамасди ва альянс терроризмга қарши кураш учун жуда кам иш қилаётгани, ташкилотнинг бошқа аъзолари унинг бюджетига адолатли улуш қўшмаётганлигини таъкидлар эди. 

Чоршанба куни эса Трамп: «Мен НАТО эскирган, деб келардим. Энди бундай фикрда эмасман», деди.

Трамп НАТОни қўллаб-қувватлаб, АҚШ ва Европа ўртасида террорризмга қарши курашга оид разведка маълумотларини алмашиш ҳажмини оширишга камарбаста бўлмоқда.

Лекин, Америка президенти ҳамон блокнинг бошқа аъзолари томонидан «молиявий мажбуриятларнинг бажарилиши"ни талаб қилишда давом этмоқда. У Столтенбергга 2024 йилга бориб, иттифоқчилар мудофаа учун ЯИМининг 2 фоиздан кам бўлмаган қисмини сарфлашларини истаётганини айтган.

Трампнинг энг биринчи ва энг сезиларли бурилишини — ўтган жума куни Сурияга берилган ракета зарбаларини ҳам унутмаслик керак. Бунгача Америка етакчиси Обамани шундай имкониятни кўриб чиққани учун ҳам бир неча бор қаттиқ танқид остига олган эди. 

Хуллас, Трампнинг ҳам анъанавий сиёсатчига айланганлигини тугал ҳодиса сифатида қабул қилсак бўлаверади.