2017 йилнинг 12 апрелида “Ўзбекэнерго” акциядорлик жамияти томонидан 2016 йилда амалга оширилган инвестиция лойиҳалари ва паст кучланишли электр тармоқларини модернизация ва реконструкция қилиш бўйича амалга оширалаётган ишлар” мавзусида матбуот анжумани бўлиб ўтди.  

Иқтисодиёт тармоқларининг жадал ривожланиши ҳамда аҳоли ижтимоий ҳаётининг фаровонлашиб бориши натижасида энергетика ресурсларига бўлган талаб кундан-кунга ошиб бормоқда. Соҳа мутахассислари томонидан асосий эътибор ишлаб чиқариш кучларининг имкониятларини янада оширишга, кўп энергия сарфлайдиган, маънан ва жисмонан эскирган ускуналарни технологик жиҳатдан замонавий, энергия тежамкор электр ускуналарига алмаштиришга қаратилган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2015 йил 4 мартдаги 4707-сонли “2015-2019 йилларда ишлаб чиқаришни таркибий қайта ўзгартириш, модернизация ва диверсификациялаштириш чора-тадбирлар Дастури тўғрисида”ги Фармони ва ҳукуматнинг бир қатор қарорларига мувофиқ 2021 йилга қадар 52 та инвестиция лойиҳасини амалга оширилиши кўзда тутилган.                                                  

Ушбу лойиҳаларни ўз вақтида амалга оширишни таъминлаш мақсадида, жамият томонидан доимий равишда тегишли чоралар кўрилиб, юқори технологияли ускуналарни ўрнатиш ва соҳага илғор хорижий тажрибаларни татбиқ этиш ҳамда қўшимча хорижий инвестицияларни жалб этиш борасида халқаро молия институтлари, хорижий компаниялар билан ҳамкорлик ишлари олиб борилмоқда. 

2016 йилга мўлжалланган Инвестиция Дастурига асосан “Ўзбекэнерго” акциядорлик жамияти томонидан 5 та йирик объект фойдаланишга топширилди. Жумладан:

1. “Толимаржон ИЭС”да қуввати 450 МВт бўлган иккита буғ-газ қурилмаси ишга туширилиб, бу ерда йилига 7 млрд. кВт∙соатдан ортиқ қўшимча электр энергияси ишлаб чиқарилади;

2. “Ангрен ИЭС”да юқори кулли кўмирни ёқишга мўлжалланган 150 МВт қувватли энергоблок қурилиб ишга туширилди. Янги энергоблокнинг ишга туширилиши билан станцияда йилига 1 млрд. 50 млн кВт∙соат электр энергияси ва 624,2 минг Гкал иссиқлик энергияси ишлаб чиқариш имконияти яратилди;


3. “Ангрен-Поп” электрлаштирилган темир йўл линиясининг таъминловчи подстанцияларига ташқаридан электр қуввати етказиб берувчи объектларни қуриш” лойиҳаси бўйича умумий узунлиги 23,77 км бўлган 110 - 220 кВ ҳаво линияси (ҲЛ) ва 200 МВА трансформатори, шунингдек, “Самарқанд-Бухоро” йўналиши бўйича умумий узунлиги 20,2 кмга тенг 110 кВ ҳаво линияси ишга туширилди.

4. “Арматура ва изоляторларни ишлаб чиқаришни ташкил этиш бўйича Ангрен эркин иқтисодий ҳудудида “Арматура-изолятор заводи” қўшма корхонасининг 1-чи босқич ишлари якунланиб, ҳозирги вақтда линияларни бир-бирига боғловчи арматура ишлаб чиқарилмоқда. 

Инвестиция дастурига мувофиқ 2017 йилда 29 та йирик инвестиция лойиҳаси амалга оширилиши мўлжалланган бўлиб 2 та лойиҳа бўйича ишлар тўлиқ якунланиб, фойдаланишга топширилади. Булар: 

1. Қандим газни қайта ишлаш заводини ташқи электр энергияси билан таъминлаш мақсадида 90 км масофадаги 220 кВ ли ҳаво линияси қурилади. 

2. “Электр энергия истеъмолини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлашган тизимини жорий қилиш. Ўзбекистон Республикасининг Бухоро, Жиззах ва Самарқанд вилоятларида 0,4 кВ истеъмолчиларни ҳисобга олиш тизими” дастури бўйича 1,0 млн.дан ортиқ автоматлаштирилган электрон ҳисоблагичлар ўрнатилади.

Шу қаторда, республика электр тармоқларининг фаолияти даражаси ва сифатини янада ошириш, минтақалар ижтимоий-иқтисодий ривожланиши учун қулай шароитлар яратиш ва аҳоли яшаш шароитларини янада яхшилаш мақсадида паст кучланишли электр тармоқларининг жорий ҳолати таҳлил қилиниб 2017-2021 йилларда паст кучланишли электр тармоқларини модернизация ва реконструкция қилиш ҳисобига республика шаҳар ва қишлоқлари аҳолисининг электр энергиясидан фойдаланиш имкониятини кенгайтириш бўйича чора-тадбирлар дастури қабул қилинган.

Бу дастур электр энергиясига бўлган келгусидаги талабнинг ортишини, энергетиканинг ривожланишини ва паст кучланишли электр тармоқлари фаолияти тежамлилигини оширишни эътиборга олган ҳолда истеъмолчиларни электр энергияси билан таъминлаш, ишончлилигини ошириш бўйича бошланган таркибий ўзгартиришларнинг давоми ҳисобланади. 

Давлат раҳбарининг 2016 йил 23 ноябрдаги “2017-2021 йилларда паст кучланиш тармоқларни модернизация ва янгилаш Дастури тўғрисида”ги № ПҚ-2661 қарорига асосан 34 минг км дан ортиқ 0,4-6-10 кВ электр тармоқлари ҳамда 6 931 дона трансформатор пунктларини модернизация ва реконструкция қилиш режалаштирилган. Бунинг учун эса қарийиб 836 млн. АҚШ доллари миқдорида маблағ сарфланиши кўзда тутилган.

Шунингдек, республикадаги 2272 та маҳаллада 2479 минг истеъмолчининг электр энергия таъминоти янада яхшиланади, технологик йўқотишларнинг 669,61 млн.кВт∙соатга, йиллик эксплуатация харажатларини 2015 йилга нисбатан 15,3 фоизга қисқартиришга эришилади.