Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 2017 йилнинг 12 апрель куни “Ўзбекистон Республикасининг “Судлар тўғрисида”ги, Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал ва Хўжалик процессуал кодексларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунга имзо чекди, деб хабар бермоқда Uzdaily.uz. 

Қонун Қонунчилик палатаси томонидан 2017 йилнинг 18 март куни қабул қилинган ва Сенат томонидан 2017 йилнинг 28 март куни тасдиқланган. Қонун 2017 йилнинг 1 июнидан бошлаб кучга киради. Судьяларни сайлаш, тайинлаш ва ваколати муддати тартиби тўғрисидаги низом, ҳужжат ОАВда расман эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

“Судлар тўғрисида”ги Қонундаги ўзгартишлар ва қўшимчаларга мувофиқ, судьяларни сайлаш (тайинлаш), уларнинг ваколатларини муддатидан олдин тўхтатиш тартиби белгиланди.

Қонун билан судьялик лавозимида бошланғич беш йил, навбатдаги ўн йил ва кейинги муддатсиз ишлаш, судьялар ваколати муддатини ҳисоблаш тартиби, улардан келиб чиқиб умумий судьялик стажини ҳисоблаш тартиби, судлар раисларини 5 йилга сайлаш (тайинлаш), бу лавозимни бир судда кетма-кет икки муддат давомида эгаллашга тақиқ қўйиш назарда тутилган.

Шу билан бирга, Олий судда судьялик лавозимини эгаллашда ёш чегараси ўрнатилмоқда. Унга кўра, Олий судда – 70 ёш, бошқа судларда – 65 ёш, Олий судда судьяликни 5 йилга чўздириш имконияти – мамлакат Президенти томонидан, бошқа судларда – Олий суд кенгаши томонидан тақдим этилиши мумкин.

Қонун шунингдек Ўзбекистон суд тизимини ислоҳ қилишга қаратилган қонунчилик актларига бошқа ўзгартиш ва қўшимчаларни ҳам назарда тутган.