Ўзбекистонда картошка танқислиги нима учун юз бергани тушунтирилди

Жамият 13 Апрель 2017 28935

Миллий матбуот марказида ўтказилган матбуот анжуманида "Ўзбекозиқовқатзахира" уюшмаси раиси ўринбосари Нодирбек Раҳбаров ва уюшма таркибидаги "Intertrade invest" МЧЖ бош директори Абдуҳамид Каримов бу йил картошка нега танқис бўлгани, унинг бозордаги нархи ошиб кетгани бўйича берилган қатор саволларга жавоб берди, деб хабар бермоқда “Оила даврасида” нашри.

Мутахассисларнинг сўзларига кўра, ўтган йили республика далаларидан кутилганидан анча кам картошка ҳосили йиғиб олинган. 

“Буни иссиқ об-ҳаво таъсири туфайли картошкага касаллик теккани ва сабзавотнинг зарарланиши билан изоҳлаш мумкин. Шу сабабли Ўзбекистонда картошка маҳсулоти танқислиги рўй берди. Аҳолини байрамолди ва қиш-баҳор мавсумида қишлоқ хўжалик маҳсулотлари билан барқарор нархларда таъминлаш мақсадида уюшма таркибидаги мавжуд базалар томонидан республикамизга картошка олиб келиш юзасидан импорт шартномалари имзоланди. Мисол учун, жорий йилнинг 31 мартига қадар 4 932 700 АҚШ долларига 14 минг 851 тонна картошка келтирилди. Тизимдаги корхоналар томонидан, шунингдек, хориждан 11 170 100 АҚШ долларига бошқа озиқ-овқат маҳсулотлари ҳам олиб келинган”, - дея маълум қилишган мутахассислар.

Қайд этилишича, бугунги кунда ўзбек тупроғида пишиб етилган қишлоқ хўжалик маҳсулотлари Россия, Қозоғистон, Озарбайжон, Туркия, Қирғизистон, Хитой сингари давлатларга экспорт қилинмоқда. Жорий йилнинг 31 мартига қадар умумий миқдори 2 миллион АҚШ долларилик 10 шартнома имзоланган. Ҳозиргача 717 минг АҚШ долларига 345 тонна маҳсулот экспортга чиқарилди. Ўзбекистонда 40 дан зиёд маҳсулот хорижга экспорт қилинмоқда.

Бундан ташқари, таъкидланишича, 2017 йилнинг ўзида «Ўзбекозиқовқатзахира» уюшмаси таркибидаги тўққизта корхона (лойиҳа ташаббускорлари) томонидан жами 4 минг тонналик совитгичли сиғимлар янгидан қурилади, мавжудлари реконструкция ва модернизация қилиниб, ишга туширилади. Мазкур совитгичли сиғимларни ишга тушириш учун 5 миллиард 120 миллион сўм маблағ сарфланиши режалаштирилган.

Шунингдек, «Ўзбекозиқовқатзахира» уюшмаси таркибидаги 56 корхонанинг бари фермер хўжаликлари билан шартнома имзолаган. Унга кўра, уюшма уларга 40 фоиз тўловни олдиндан амалга оширади. Бу йил 10 минг нафар фермер картошка экишни режалаштирмоқда.

Кўпроқ янгиликлар