Kloop.kg нашри журналистлари Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбаев ва унинг рафиқасига қарашли бўлган яна бир турк компаниясини топишди. 

Таъкидланишича, Алмазбек ва Раиса Атамбаевалар 2006 йилнинг декабрида Туркиянинг Foreks Makina компаниясидаги ўз улушларини сотиб юборишган. Расман бу келишув Атамбаевлар оиласига 98 минг доллар маблағ олиб келган. Шу билан бирга, Атамбоев Foreks Makina компаниясида акцияларни қачон харид қилгани номаълум. 

Foreks Makina Туркия фуқаролари Левент ва Аҳмад Қўрқмазовларга тегишли бўлган, 2012 йилда эса компания Termikel Group’дан бўлган Аҳмад Қайёга сотиб юборилган. 2015 йилнинг октябрида Қайё Foreks Makina’ни Elektromed Elektronik билан бирлаштирган. Атамбаев айнан сўнгги компания сотилганидан сўнг 35 миллион доллар ишлаб топган.

Эслатиб ўтамиз, апрель ойи бошларида Алмазбек Атамбаев Қирғизистон бош прокурори Индира Жолдубаева билан учрашув давомида, 2003 йилнинг январь ойида Измир шаҳрида унга тегишли бўлган саноат корхонаси акциялари тўпламини турк тадбиркорига 35 миллион АҚШ долларига сотиб юборгани ҳақидаги ҳужжатларни топширганди.