Россия президенти Владимир Путин ва АҚШ давлат котиби Рекс Тиллерсон 12 апрелдаги учрашувда Россия ва АҚШ ўртасидаги ишончнинг паст даражада эканлигини қайд қилишди ва уни тиклашга қарор қилишди, деб маълум қилди Давлат департаменти расмий вакили Марк Тонер.

"Давлатларимиз ўртасида ишонч даражаси деярли тарихий паст кўрсаткичда эканлиги тан олинди", деб айтди Тонер.

"Путин билан учрашувда нима учун бундай ҳолга тушиб қолганимизнинг тарихи эслаб ўтилди. Уларнинг иккиси нима учун бир давлат баъзи соҳаларда бошқа давлатга нисбатан аччиқланаётганини яхшироқ тушунишга ҳаракат қилишди. Охир-оқибат улар бу ишончнинг бирор қисмини бўлса ҳам тиклаш учун йўллар, имкониятлар топиш йўли борлигини тан олишди", деб айтди Тонер.

Шунингдек, музокаралар натижаларига кўра, икки давлат ҳарбийлари ўртасида ихтилофларнинг олдини олиш механизмини тиклашга келишиб олинди.  

"Келишув қанчалик ўзгарганини билмайману, бироқ тушунишимча, у амал қилмоқда", деб айтди Тонер. 

Аввалроқ Россия бу механизмни тўхтатгани юзасидан аниқлик киритиш борасида берилган саволга Тонер "У тикланди", деб жавоб берди.

"Биз ихтилофларни бартараф этишнинг бу каналини жуда муҳим деб ҳисоблаймиз, чунки у Сурияда ҳарбий вазифаларни бажараётганимизда бизнинг ҳам, Россия учувчиларининг ҳам заруриятсиз бир-бирларини хавфга қўймасликларини таъминлашга имкон беради", деб қўшимча қилди Тонер.

Ўз навбатида Пентагонда айни вақтда бу меморандум амал қилаётгани ҳақида изоҳ беришдан бош тортилди. Пентагон вакили майор Эдриан Рэнкайн-Галлоуэй "коалиция ва Россия ўртасидаги суҳбатлар оммавий ошкор қилинмаслигини" айтди.

Меморандум Вашингтон Суриядаги авиабазага ракета зарбаси бергандан кейин Москва томондан тўхтатиб қўйилганди. Кейинроқ Россия Федерация кенгашининг мудофаа ва хавфсизлик қўмитаси бошлиғи Виктор Озеров меморандум президентдан тегишли буйруқ олингандан кейин тикланишини маълум қилганди.