АҚШда узунлиги 70 метрга яқин келадиган автомобиллар ювиш шохобчаси (автомойка) қурилади. Шохобча эгалари автомобиллар ювиладиган дунёдаги энг узун шохобчани қуриб, бу натижани Гиннесс рекордлар китобига киритишмоқчи. Бу ҳақда KHOU телеканали хабар бермоқда.  

Шохобча биноси Техасда қурилади. Унинг ичида автомобиллар махсус конвейер тасмасида ҳаракатланади. Компания ходими телеканалга берган интервьюсида, шохобчада мижозларга тўлиқ автоматлаштирилган ювишдан қўлда ювишгача бўлган  барча хизматлар тақдим қилинишини таъкидлаб ўтган.

Бу шохобчада бир вақтнинг ўзида нечта машинага хизмат кўрсатилиши маълум қилинмаган. Бироқ агар бир машинанинг ўртача узунлиги 4,5 метрга яқинни ташкил қилиши фараз қилинса, унда шохобчада бир вақтнинг ўзида 15 та машина жойлашиши мумкин.   

Бугунги кунда дунёдаги энг узун автомобиллар ювиш шохобчаси Германиянинг Штутгарт шаҳрида жойлашган бўлиб, у бир соатда 400 машинага хизмат кўрсатишга қодир. Бу икки қаватли шохобчада йилига 500 мингдан кўпроқ машина "ювинтирилади". Хизматлар нархи 6 евродан 20 еврогача туради.