Афғонистон собиқ президенти Ҳамид Карзай АҚШнинг ИШИДга қарши ўта кучли бомбадан фойдаланишини танқид қилди ҳамда уни суверенитетнинг бузилиши ва мамлакатни қурол-яроғларнинг тажриба полигонига айлантириш ҳаракати, деб атади.

Қўшма Штатлар Афғонистонда чоршанба куни ИШИД жангариларига қарши жуда кучли бомбадан фойдаланишди. Оғирлиги 9,5 тонна бўлган бу бомба MC-130 самолётидан ташланди. Хабарларга кўра, АҚШда яна 15 та шундай бомба бор. Вашингтон зарба ИШИД туннелларига қарата берилгани ва маъмуриятнинг террорчилик гуруҳини йўқ қилиш борасидаги ваъдага амал қилаётганидан дарак беришини маълум қилди.

"Бу ҳужум Афғонистон суверенитети, унинг ҳудуди ва табиатини бузиш ҳисобланади... Бу терроризм билан кураш эмас, балки бизнинг мамлакатимиз ҳудудини янги турдаги оммавий қирғин қуролларини синаб кўрувчи тажриба полигонига айлантиришдир", - дея ёзди Карзай Facebook’даги саҳифасида.

Карзай мамлакат аҳолисини АҚШнинг бундай хатти-ҳаракатларига норозилик билдиришга чақирди.

Аввалроқ Афғонистон ҳукумати энг катта ноядровий бомба ИШИДнинг 30 дан ортиқ жангарисини йўқ қилгани ҳақида маълум қилганини хабар бергандик.