Япония парламенти юқори палатаси ҳарбий-моддий таъминлаш бўйича АҚШ билан қайта кўриб чиқилган келишувни маъқуллади. Мазкур келишув, жанговар ҳаракатлар олиб бораётган АҚШ қўшинларини ўқ-дорилар ва ҳарбий анжомлар билан таъминлашга рухсат беради. Аввалроқ, Япония мудофаа кучлари ҳақиқий жангларга жалб этилиши хавотири туфайли бундай қила олмас эди. 

Япония юқори палатаси Буюк Британия ва Австралия билан ҳам шундай келишувни маъқуллаган. 

Шу билан бирга, Kyodo ахборот агентлигига кўра, Япония қўшинлари АҚШ ва бошқа дўстона мамлакатлар армияларини бевосита жанг майдонларида қўллаб-қувватлай олмайди. 

Мамлакат парламентида мухолифатда бўлган Демократик партия ва бошқа сиёсий кучлар ҳужжатни тасдиқлаш жараёнини бузишга уринишган. Уларнинг фикрича, бу келишув мамлакат қуролли кучларини жанговар ҳаракатларга жалб этиши мумкин.