“Агробанк” акциядорлик тижорат банки “2017 йил  — Халқ билан мулоқат ва инсон манфаатлари йили”да амалга оширилиши зарур бўлган устувор вазифаларни йил бошида қатъий белгилаб олган эди. Унга кўра, 2017 йилда мамлакатимизда хусусий тадбиркорлик ва ишбилармонлик муҳитини янада яхшилаш, аҳолининг банка нисбатан ишончини ошириш ҳамда янги иш ўринлари ташкил этишни қўллаб-қувватлаш юзасидан амалга ошириладиган комплекс чора-тадбирлар дастури тасдиқланганди.

Ушбу дастур асосида “Оддий аҳолини тадбиркор қилиш” шиори остида аҳолини соҳага янада кенгроқ жалб қилиш, уларнинг бу борадаги билим ва кўникмаларини ошириш, ташкилий ва молиявий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш борасида банк томонидан бир қатор ишлар амалга оширилди.

Жумладан, “Агробанк” АБТ томонидан аҳолини тадбиркорлик турларига кенг жалб қилиш, айниқса, шахсий томорқалардан самарали фойдаланишларини ташкил этиш мақсадида ўтган фурсатда республикамизнинг барча ҳудудларидаги 1 миллион 300 мингдан зиёд хонадон  қамраб олинди.

Бунинг учун аҳоли билан мулоқотларни сифатли ташкил этишга қаратилган махсус жадвал ишлаб чиқилган бўлиб, шу асосда қишлоқ ҳамда маҳалла фуқаролар йиғинлари билан ҳамкорликда жойларда учрашувлар бўлиб ўтди. Эркин мулоқот тарзида ташкил этилган бундай учрашувларда бугун тадбиркорликни ривожлантириш мақсадида мамлакатимизда бошланган янги босқичдаги ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти, тадбиркорликдан келадиган давлат ҳамда халқ манфаатлари хусусида батафсил тушунча ва маълумотлар берилди.

Бундан ташқари ҳар бир хонадонга банк томонидан мактублар йўлланди. Унда мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида ҳамда аҳолининг тадбиркорликка бўлган қизиқишларини аниқлашга қаратилган махсус сўровномалар ҳам юборилди. 

Банк ходимлари ҳар бир хонадонга кириб, уларнинг тадбиркорлик билан шуғулланиш бўйича имконият ва шароитларини ўргандилар, махсус сўровлар ҳам ўтказдилар. Бундан ташқари, аҳолининг соҳага қизиқишини орттириш ҳамда бу жараёнлардан хабардорлигини янада ошириш мақсадида махсус буклет шаклидаги намунавий бизнес лойиҳалар тарқатилди. Банкнинг имтиёзли кредитлаш тартиботлари, бу борадаги бошқа йўл-йўриқ ва меъёрий хужжатлардан иборат тадбиркорлик бурчаклари лойиҳалари жойларга етказилди Шу асосда фуқаролар йиғинлари ва банк биноларида махсус тадбиркорлик бурчаклари ташкил этилди.

Бу жараёнларда туман, қолаверса, фуқаролар йиғинлари жойлашган ҳудуднинг имкониятларига ҳам эътибор қаратилмоқда. Бу эса намунавий шакллар асосида бизнес лойиҳаларни таклиф этиш, аҳолининг ишбилармонлик фаоллигини ошириш, уларни тадбиркорлик турларига йўналтиришда муҳим аҳамият касб этмоқда. Бунда албатта, ҳудуднинг хомашёси ва меҳнат ресурслари, маҳаллий анъаналарига эътибор қаратилаётгани ҳам ижобий самарадорликка сабаб бўлмоқда. 

Тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш истагини билдирган ва кредитга талаби бор оила вакилларининг бизнес лойиҳалари банк филиаллари томонидан қисқа муддатларда ўрганилиб, тегишли ҳужжатларни расмийлаштиришда яқиндан кўмак берилмоқда. Тизимли тартиб асосида кредит ажратиш жараёнини ҳар бир кредитлаш тармоқ бошқармалари томонидан мунтазам кунлик мониторинг қилиб борилмоқда.

Бундай саъй-ҳаракатларнинг самараси ўлароқ ўтган қисқа фурсат давомида аҳоли пунктлари ва мавзеларида ўтказилган сўровлар натижасида аҳолининг асосий қисми тадбиркорликнинг у ёки бу тури, айниқса, боғдорчилик, чорвачилик, ихчам иссиқхона, паррандачилик, ҳунармандлик, касаначилик, хизмат кўрсатиш, сервис ва бошқа соҳалар билан шуғулланиш истагини билдирган. Шу асосда кредитлаш мунатзам давом этмоқда.

Шу кунга қадар банк томонидан қарийб 37 минг нафар тадбиркорлик билан шуғулланиш истагини билдирган ҳамюртларимизга жами  242 миллиардга яқин кредитлар ажратилди.
– Давлатимиз раҳбарининг ҳар бир хонадон томорқасига ёнғоқ, лимон экиб, шунинг ортидан даромад олиши кераклиги  борасидаги ташаббуси  бизни янада руҳлантириб юборди, – дейди улуғнорлик Аҳмадали Абдуллаев.  – Шу боис,  томорқамизда ихчамгина иссиқхона ташкил этиб, лимон етиштиришни  мақсад қилдик. Эзгу ниятим амалга ошишида “Агробанк”нинг туман филиалидан  ажратилган 7 миллион сўм кредит қўл келди. Очиғи, лимон меваси шифобахш  хусусиятларга эгалиги  ҳам кўпчиликка маълум. Шу сабабдан ҳам у жуда харидоргир. Бундан ташқари, биз томонларда лимон етиштиришнинг ҳадисини олган кишлар талайгина. Томорқасидаги бир қарич ерга меҳр бериб, турли  мева-сабзавотлардан бир йилда уч марталаб ҳосил олишаётгани ҳам ҳақ гап.  Биз ҳам  мўъжазгина иссиқхонадан самарали фойдаланиш мақсадида  лимон кўчатлари қатор ораларига рўзғор учун помидор, бодринг, булғор қалампири каби сабзавот экинларини экиб қўйдик. Бу билан қўшимча даромад ошиб, оиламиз фаровонлиги таъминланади. 

–    Қандолат маҳсулотлари ишлаб чиқариш борасида кўпдан бери ният қилиб юрардим, – дейди Ширин шаҳридаги М.Улуғбек МФЙда истиқомат қилувчи  якка тартибдаги тадбиркор  Наргиза Абдуқаҳҳорова. –  Аммо уни амалга ошириш учун менда етарлича маблағ йўқ эди. Президентимизнинг микрокредитлар ажратиш бўйича қабул қилинган қарори фаолиятимни бошлашда мадад бўлди.  Қандолат маҳсулотлари ишлаб чиқаришга оид бизнес режа тузиб банкка тақдим этдим. Тўғриси, бошида бироз қийинчиликлар ҳам бўлди, бироқ банк ходимлари кредит ажратиш борасидаги муаммони тезда ҳал қилиб беришди. Бунда, албатта, давлатимиз раҳбари томонидан аҳолини  ижтимоий-иқтисодий қўллаб-қувватлаш борасида  ҳудудларда олиб борилаётган ислоҳотларни алоҳида таъкидлаш жоиз. Боиси, эндиликда баъзи раҳбар ва мутасаддилар аҳоли билан мулоқот қилиш, халқнинг дарду ташвишини эшитиш кераклигини тушуниб етмоқда. Бу эса биз каби тадбиркорлик фаолиятини бошлаётганларнинг йўлини очиб бермоқда. Аслида ҳам бир тадбиркор ўз оиласи, маҳалласига нафи тегиши, юрт фаровонлигига оз бўлса-да ҳисса қўшишга интилади. 

— Банк ходимлари уйимизга келиб, тадбиркорлик билан шуғулланишни таклиф қилишганида, аввалига унчалик ҳам ҳохламадим — дейди наманганлик Юлдузой Бўтаева. — Агробанк мутахссислари ҳовлимиздаги шароит билан танишгач, бу ерда  ихчам иссиқхона ташкил этиш мумкинлигни ва бунинг ортидан олинадиган даромад ҳақида ҳам эринмай тушунтиришди. Шундан кейин ҳовлимизда ихчам иссиқхона ташкил этишга қарор қилдик. Шу мақсадда Агробанкнинг Поп филиалидан 2,9 млн сўм кредит олдик. Кунлар илий бошлагач ишларни бошлаб юбордик. Иссиқхонага лимон экмоқчимиз. Бунга қўшимча камида 50 та товуқ боқишни режалаганмиз. Бунинг сабаби бор, албатта. Қиш кунлари товуқлар ана шу иссиқхонада сақланса, паррандалар танасидан чиқаётган иссиқлик бу ердаги илиқ ҳароратни бир меъёрда ушлаб турар экан. Иссиқхонани иситиш учун ортиқча ҳаражатга ходат қолмас экан. Бу ҳақда ҳам банк мутахассислари тушунтириб беришди.

Банкдан кредит олиб, ўз бизнесини йўлга қўяётган бу каби юртдошларимиз сафи кун сайин кенгайиб бормоқда. Энг муҳими халқимизда тадбиркорликка бўлган қизиқиш ва бу соҳанинг келажагига бўлган ишонч ортмоқда.

Хулоса қилиб айтганда Агробанк ўз олдига қўйган режаларини босқичма-босқич амалга оширмоқда. Мақсад эса битта, у ҳам бўлса, халқимизни ҳаётини янада яхшилаш, бунинг учун эса уларни қўшимча даромад манбааларидан фойдаланишга ўргатиш ва шу орқали юрт фаровонлигини таъминлашдир.

Банк матбуот хизмати

Реклама ҳуқуқи асосида.