Давлат органлари ва ташкилотлари юридик хизмати ходими лавозимига биринчи марта тайинланган шахсларнинг адлия органларида стажировкадан ўтиши тартиби тўғрисидаги Низом тасдиқланди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги Ахборот хизмати хабар бермоқда.

Эндиликда эса юридик хизмат ходими лавозимига биринчи марта тайинланган шахслар ўз касбий билимлари, ўқув ва амалий кўникмаларини мустаҳкамлаш ва шакллантириш, шунингдек, ишнинг ўзига хослиги, тайинланаётган лавозими бўйича функционал вазифаларини сифатли бажариши учун илғор тажрибани эгаллаб олишини таъминлаш мақсадида белгиланган тартибда адлия органларида икки ҳафталик муддатда стажировкадан ўтади.

Бунда, албатта, стажировка Республика даражасидаги давлат органлари ва ташкилотлари, шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари юридик хизмати ходимлари учун — Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида, ҳудудий давлат органлари ва ташкилотлари, шунингдек, туманлар ва шаҳарлар ҳокимликлари юридик хизмати ходимлари учун — тегишлича Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармаларида ўталади.