Ўзбекистонда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти «очиқлиги индекси»нинг илк рейтинги эълон қилинди. 2017 йилнинг 1 январь куни ҳолати бўйича кўрсаткичларни www.ochiqlik.uz сайтида кўриш мумкин.

Рейтингда 47та давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари жой олган. Рейтингдаги биринчи ўринда Ўзбекистон Республикаси Давлат Солиқ қўмитаси қайд этилган (97,5 балл).

Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Марказий банки 96,33 баллдан тўплаган ҳолда иккинчи ва учинчи ўринларни бўлишиб олган. Тўртинчи ўринни 93, 67 балл билан Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги банд этган.

Фарғона вилояти ҳокимлиги (46 балл), Сурхондарё вилояти ҳокимлиги (40,25 балл) ва Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси (21,4 балл) рейтингнинг охирги поғоналарида жойлашган.

Натижалар йилига икки марта эълон қилинади - 1 январь ва 1 июль кунларида.

Ушбу жамоатчилик кенгаши давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш фаолиятини мувофиқлаштириш ва мониторингини олиб бориш бўйича жамоатчилик кенгаши, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлигини ошириш, жамоатчилик назорати механизмларини ривожлантириш жараёнларига кўмаклашиш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 06.11.2015 йилдаги 320-сон Қарори асосида ташкил этилган.