Қозоғистон Ташқи ишлар вазири Қайрат Абдраҳманов нима учун Қозоғистон БМТ Хавфсизлик кенгашида Сурия инқирози бўйича овоз беришда бетараф қолганини тушунтириб берди, деб хабар бермоқда РИА Новости.

Овоз бериш жараёни БМТ ХКда чоршанба куни бўлиб ўтди. Россия ўз ҳуқуқидан фойдаланиб, Дамашққа айбловлар бўлган ҳужжатни тўсиб қўйди. Резолюцияга Боливия ҳам қарши чиқди, Хитой ва Қозоғистон эса овоз бермасликни маъқул топди.

Абдраҳмановнинг таъкидлашича, Қозоғистон делегацияси Сурияда кимёвий қурол қўлланилишини қоралади ва айбдорларни жавобгарликка тортишга чақирди.

«Шу билан бирга Қозоғистон овоз беришда бетараф қолиш ҳақидаги қарорни икки сабабга кўра қабул қилди: биринчидан, Қозоғистон Сурияда кимёвий қурол ишлатилиши билан боғлиқ эҳтимолий факт БМТ ва кимёвий қуролни тақиқлаш бўйича Ташкилот бошчилигида объектив, тўла ҳажмда ва жиддий равишда текширилиши тарафдори», - дейилади Қозоғистон ТИВ матбуот хизмати хабарида.

Бундан ташқари, вазир Сурия можаросини ҳал қилиш бўйича Остона жараёнини эслаб ўтган, у Женева музокараларининг ажралмас бир қисмидир. Абдраҳмановнинг сўзларига кўра, Қозоғистон бу масалада холисликни сақлаб қолади.